Филиал учун янги бинолар қурилди
Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиалининг янги бунёд этилган 4 минг ўринли ўқув ҳамда 500 ўринли талабалар тураржойи фойдаланишга топширилди.
Тўрт йилдан буён фаолият олиб бораётган филиалда бугунги кунда 2500 нафардан ортиқ талаба 21 йўналишда таҳсил олмоқда. Уларга 108 нафар профессор-ўқитувчи сабоқ бермоқда.
74 миллиард сўм маблағ сарфлаб бунёд этилган янги ўқув биносида 4 та компьютер хонаси, 5 та биология, физика ва кимё лабораторияси мавжуд. Ўнлаб электрон доска ҳамда проектор, телевизорлар билан жиҳозланган. Талабалар тураржойида ҳам барча қулайлик ва шароит яратилган.



Биноларнинг очилиш маросимида Самарқанд давлат университети ректори, профессор Р.Холмуродов, Каттақўрғон шаҳар ҳокими Г.Алимова ва шаҳар жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири