Фикрни гўзал ифодалаш
Биз қадимда ўзаро мулозамат иборалари билан бир-бирларига муомала қилган, ҳурматни сақлаган ҳолда одоб билан мурожаатда бўлган аждодларнинг авлодимиз.
Бугун дунё халқлари Ўзбекистонга назар ташлаётган бир даврда чиройли нутқ сўзлаш, нутқ маданияти ва нотиқлик санъати усулларига амал қилган ҳолда гапириш - долзарб эканлигини кўрсатиб келмоқда. Ижтимоий тармоқ орқали берилаётган хабарлар нафақат мамлакатимиз фуқаролари учун, балки хорижий давлатларда яшаб келаётган ҳамюртларимиз ва ҳатто, бошқа мамлакат фуқаролари нигоҳида.
Ўзга юртларда ва ўзимизда ҳам ишлаётган, яшаётган ва турли сабаблар билан хорижга бораётган фуқароларимиз, аввало сўзлари, муомалалари билан ўзбек деган номни танилишига ва ёйилишига сабабчи бўлишади, хоҳ у оддий фуқаро, хоҳ мамлакатни танитувчи дипломат бўлсин.
Биз қадимда ўзаро мулозамат иборалари билан бир-бирларига муомала қилган, ҳурматни сақлаган ҳолда одоб билан мурожаатда бўлган аждодларнинг авлодимиз.
Қадимдан шундай нақл бор: «Инсоннинг кимлиги унинг икки жиҳати – хатти-ҳаракати ва сўзи (нутқи), одамлар билан ўзаро муомаласида аён бўлади». Мана шу икки жиҳат фикрни тўлиқ ва мукаммал ифодалашга ёрдам беради. Фикрни гўзал ифодалаш - нутқ маданиятини эгаллашга боғлиқ. Бу масала билан одамлар жуда қадимдан қизиқиб келганлар. Шу ўринда озгина тарихга назар солсак...
Нутқ маданияти ва нотиқлик маҳорати қадимдан шаклланиб келган ижтимоий ҳодиса. Қадимги юнон мамлакатида бу таълимот назарий жиҳатдан асосланди: эпос, шеърият, драма, мусиқа ва бошқа санъат намуналари қаторида риторика (сўзлаш маҳорати) юксак нутқий санъат намунаси ҳисобланган.
Марказий Осиё маданияти тарихида ҳам нутқ маданияти ва услубият муаммолари билан шуғулланиш қадимдан мавжуд бўлган ва ўзига хос хусусиятларга эгадир. Машҳур туркийшунос Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асаридаги бу масалага оид баъзи мулоҳазалари, келтирилган лисоний далиллари, нутқ маданияти ва нутқ одоби масалалари жуда қадимдан ўртага қўйиб келинганлигидан далолат беради. Нутқ маданияти ифодасининг таниқли тадқиқотчиси Э.Бегматов бу ҳақида қуйидагиларни ёзади: «...Маҳмуд Кошғарийнинг машҳур «Девони луғатит турк» асарида «одам сўзнинг ширинлиги билан лаззатланса, унга асир бўлиб кетади», «...одобнинг боши тил» сингари афоризмларини учратиш мумкин».
Нутқ одоби масаласи XI асрда яшаб ижод қилган хоразмлик буюк олим, аллома Абу-л-Қосим Маҳмуд ибн Умар аз-Замаҳшарийнинг «Навобиғ ул-калим» («Нозик иборалар») номли асарида ҳам ёритилгандир.
Чиройли ва бадиий савияда нутқ сўзлаш, мазмун моҳияти жиҳатидан қисқа, мазмундор нутқ одобини сақлаш ҳам бир санъатдир. Қадимда Шарқда нотиқлик санъати – воизлик деб аталган. «Ваъз» сўзи арабча тарғиб қилиш, панд-насиҳат деган маъноларни англатади, «воиз» сўзи эса ваъз айтувчи, нутқ сўзловчи шахс маъносини билдиради.
IX асргача Шарқда воизлик вазифасини халифалар, шоҳлар бажарганлар. IX асрдан бошлаб давлат ҳукмдорлари бу тадбирни ўз ихтиёрларидаги махсус сўз усталарига юклаб, уларнинг исм-шарифларига «Воиз» сўзини қўшиб айтганлар.
XII асрдан бошлаб воизлик санъати назарияси ва амалиётини талқин ва тавсиф этадиган кўплаб илмий, тарихий, услубий рисолалар ёзилган. Булар қаторига Муҳаммад Рафиқ Воизнинг «Авбоб ул-инон», Воиз Қазвинийнинг «Зилолу мақол» Воиз Ширвонийнинг «Аҳсан ул-аҳодис», Муҳаммад Воизнинг «Ҳидоят ул-тақвим», Қурайш Саидийнинг «Анис ул-воизин», Воиз Самарқандийнинг «Равзат ул-воизин», Қози Ўшийнинг «Мифтоқ ул-нажжиҳ», Воиз Кошифийнинг «Даҳ Мажлис», «Маҳзан ул-иншо» каби асарлари киради. Шунингдек, тарихчи, шоир, муҳаддисларнинг асарларида ҳам воизлик санъатига алоқадор баъзи фикрлар баён этилган.
Нутқ маданияти, нотиқлик санъати масаласи билан сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳам жиддий шуғулланган. Алишер Навоий даврида ўзбек тили мавқеи, нотиқлик санъати анча юксак даражага кўтарилди. Алишер Навоий ўз асарларида Хўжа Муайяд Меҳнагий, Мавлоно Риёзий, Мавлоно Иршод, Ҳотам Асом, Воиз Кошифий, Муин Воиз каби ўнлаб воизларнинг нутқ маҳоратлари ҳақида сўз юритган.
Ўша даврда нотиқлик санъати ва унга яқин соҳалар билан шуғулланувчиларни «надимлар, қиссагўйлар, масалгўйлар, бадиҳагўйлар, қироатхонлар, муаммогўйлар, воизлар, гўяндалар, маддоҳлар, қасидахонлар» деб юритилган.
Воизлик санъати асосан уч шаклда бўлган: дабирлик, хатиблик, музаккирлик. Дабирлик – давлат мақомидаги ёзишмаларни қироат билан ўқиш, хатиблик – хутба ўқиш, музаккирлик – жума кунларидаги, ҳайит ва бошқа тантаналардаги нутқлардан иборат бўлган.
Воизлик санъати тингловчиларнинг, воизларнинг ижтимоий-сиёсий мавқе ва лавозимларини ҳамда бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳам учга ажратилган: султониёт –юқори табақа аёнлари учун; жиҳодия-жанггоҳ иштирокчилари учун; ғарибона – оддий фуқароларга мўлжалланган нутқлар. Ҳар бирининг ёзилиши, ўқилиши, шунингдек, ваъз этилиш шартлари, усули ҳар хил бўлган.
Ўзбек тилшуносларидан Э.Бегматов, С.Иномхўжаев, Л.Хўжаева, Т.Қудратов, Х.Жалилов, Р.Қўнғуров, Ё.Тожиев, Б.Ўринбоев, А.Солиев, М.Мукаррамов ишларида нотиқликка оид изланишлар олиб борилган.
Жонли сўзнинг беқиёс қудратидан баҳраманд бўлиш ўзбек халқининг хислатларидан биридир. Нотиқлик – чиройли ва таъсирчан нутқ сўзлаш илми, бадиий етук сўзланган нутқ санъатидир. Нотиқлик нутқи далилий материалларга бой бўлиб, унинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: 1. Ўз фикрини исботлаш, яъни келтирилган далилларнинг тўғрилигини кўрсатиб бериш; 2. Тингловчиларга эстетик завқ бағишлаш; 3. Тингловчиларнинг онгига, қалбига, кайфиятига таъсир этиш, кишиларни фаолликка ундаш.
Қайд этилганидек, жонли сўз, нотиқлик санъатига қадим замонлардан буён алоҳида эътибор бериб келинади. Ҳозирги вақтда эса бу соҳа кишиларига талаб каттадир. Нутқ сўзловчи шахс олдида ўз нутқининг сифатини яхшилаш ва такомиллаштириш вазифаси туради. Нутқнинг муваффақиятли чиқишида, нутқнинг шаклий томони ҳам катта аҳамиятга эга.
Нутқнинг таъсирчан бўлиши учун аниқ ва равшан талаффуз, тўғри, ўз ўрнида қўйилган тўхтамлар бўлиши шарт. Шунингдек, нутқ суръати, овоз кучи, нафас, тингловчилар билан изчил алоқа боғлай олиш, қўл ҳаракати ва шу каби нолисоний ва бошқа лисоний воситаларга ҳам алоҳида аҳамият бериш талаб қилинади.
Тил бойлигидан моҳирлик билан фойдаланиш, матн мазмунига мослаб қўллаш, уларни асосий мақсад ва вазифаларга бўйсундира олишнинг ўзи нутқ маданиятидир. Нотиқлик ўзида мантиқийлик, таъсирчанлик, образлилик, ҳиссийлик ва шу орқали ишонтирувчанлик каби хусусиятларни мужассамлаштиради.
Нотиқлик - бу нутқий маҳорат, ноёб қобилият ҳам. Нутқий маҳоратни эгаллаш учун нотиқ, аввало, ўз олдига талаб қўяди ва шу талабларга риоя қилади. Ҳар бир нотиқ ўз устида ишлаб, нутқий маҳоратини ошириб бориши шарт.
Нотиқ ўз тингловчисини топа олиши ва сўзига қарата олиши керак, бунинг барчаси нотиқнинг айтаётган сўзига, юритаётган фикрига боғлиқ: «Беҳуда сўз айтмагилким, беҳуда сўз девоналарнинг сўзидир. Ҳар кишига гапирмоқчи бўлсанг, қарагилким, у сенинг сўзингнинг харидорими ё йўқми:.. эшиткувчига ёқадиган сўзни гапир, токи сенинг сўзингга харидор бўлсин».
Ҳар қандай нутқ сўзлаган шахс – нотиқ ва улар нутқи нотиқлик санала бермайди. Нотиқлик санъати нутқий маҳорат бўлиб, нотиқнинг ноёб қобилият эгаси эканлигини намойиш қилади. «Нотиқлик аввало чиройли гапиришдир. Аммо, нутқнинг фақат чиройли бўлиши ҳали етарли эмас, ҳар қандай бемаъни сафсаталарни ҳам жуда чиройли қилиб гапириш мумкин. Бу эса нотиқлик эмас, вайсақилик саналади», - деб ёзадилар М.Содиқова ва Ж.Жўраевалар.
Дарҳақиқат, нотиқнинг нутқи чиройли, жозибали бўлиши билан бир қаторда мазмунли, мантиқан кучли бўлиши ҳам лозим.
Юқоридаги фикрлар асосида шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда тармоқларда ёйилаётган ҳар бир воқеот, хабарлар – аввало бизга бериладиган баҳо...ва муҳокамаларга сабабчи бўладиган ҳолатдир. Ўз нутқимизга ташқаридан қараб баҳо бериш ва қайси сўзни ўринли ёки ўринсиз қўлланилаётганига аҳамият берадиган даврдамиз. Биз маънавияти юксак нотиқлар, воизлар авлодларимиз. Эркин фикр юритишимизда ҳам – сўзимизни ўйлаб гапиришимиз, сўзнинг нақадар кучли восита эканлигини унутмаслигимиз, ўзбек адабий тили нутқ маданиятига амал қилган ҳолда мукаммал суҳбат қуриб, эркин баҳслашишимиз мумкин.
Модомики, биз технологиялар ривожланган ва кундалик ҳаётимиз дунё узра ёйиладиган асрда яшар эканмиз, эркин сўзимизни - онгли равишда ўйлаб, мулоҳазакорлик билан баён этиб, камол топган маънавий қиёфамизни ва миллий одобимиз ифодасини унутмаслигимиз даркор...
А.Х.Арипова,
Тошкент давлат юридик университети
Ихтисослаштирилган филиали
Умумтаълим фанлар кафедраси доценти,
ф.ф.н.(PhD)