FIGC раҳбари: “Ювентус“ барчага намуна!
Туриннинг “Ювентус“ футбол жамоаси аъзолари жаҳон футбол оммасига ўзига хос ибрат намунасини кўрсатди.
Туриннинг “Ювентус“ футбол жамоаси аъзолари жаҳон футбол оммасига ўзига хос ибрат намунасини кўрсатди. Футболчилар коронавирус пандемияси даврида маошларининг каттагина қисмидан воз кечишга қарор қилишди. Бу ҳақда Италия футбол федерацияси (FIGC) раҳбари Габриэле Гравина маълум қилган.
Аниқланишича, шанба куни мамлакатда юзага келган оғир вазият туфайли “Ювентус“ клуби раҳбарияти спортчилар ва мураббийлар штаби билан келишган ҳолда мавсумнинг қолган қисми учун ажратилиши лозим бўлган маош масаласини муҳокама этгани эълон қилинди. Мазкур келишувга мувофиқ, профессионалларга ажратилиши лозим бўлган, 2020 йилнинг март, апрель, май ва июнь ойлари учун белгиланган иш ҳақи миқдорига тенг компенсация тўловлари қисқартирилади. Мазкур шартнома натижасида яхшигина маблағ тежаб қолинади. Бошқача айтганда, иқтисодий ва молиявий самара жами 90 миллион еврони ташкил этмоқда.
Гравина жамоанинг бу қадамидан таъсирланаркан, жумладан шундай деган: “Ювентус“ жамоасининг қарори бутун тизим учун, қолаверса бутун футбол олами учун ажойиб инсонийлик намунасидир. Мен Жоржио Кьеллини ва унинг жамоадошлари, шунингдек шахсан Маурицио Саррига мана шундай зарур пайтда шахсий манфаатларни бир четга суриб қўйганликлари учун чексиз миннатдорлик билдираман. Жаҳон футболидаги бирлик ва ҳамжиҳатлик илк бор бошимиздан кечираётганимиз – фавқулодда мураккаб вазиятга муносиб жавоб сифатида намоён бўлмоқда. Мана шундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, эзгуликларга ҳисса қўшибгина биз футболни янада катта кучга айлантиришимиз мумкин“.