Ўзбек адабиёти, хусусан шеъриятига анча йиллардан бери муносиб ҳисса қўшиб келаётган таниқли шоирлардан бири Минҳожиддин Мирзо ижоди ҳали етарли даражада тадқиқ қилинмаган. Унинг турли жанрлардаги асарлари халқимизнинг маънавий мулкига айланган.

Яқинда мухбиримиз педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев билан атоқли шоир ва публицист Минҳожиддин Мирзо ижоди хусусида суҳбатлашди.

– Ўзбек адабиёти улкан денгизга ўхшайди, – дея гурунгни бошлади атоқли олим. – Денгизни бир назар билан қамраб бўлмаганидек, адабиётимизга мансуб ижодкор ва асарларни ҳам тўлиғича билиш имконсиз. Шунинг учун ҳам ўзбек адабиётида ҳамиша яхши ўрганилмаган, чуқур тадқиқ этилмаган ижодкор ва асарлар истаганча топилаверади. Мен таниқли муаллифнинг китоби билан танишиш асносида шунча яқин бўлиб, ёнма-ён юриб ҳам Минҳожиддин Мирзо деган шоирни етарлича билмаслигимни билдим. Ушбу китобни шоирнинг қирқ йилдан ортиқроқ вақт давомида яратган шеърий чечакларидан тузилган поэтик гулдаста, дейиш мумкин. Шоир бундан кўп йиллар олдин ўз ижодий мақсадини шундай ифода қилган эди:

Дилим қуёшидан ёришсин юзим,

Ўзимники бўлсин кулгум ҳам бўзим. 

Руҳимга бегона ҳисга талпинма,

Қалбимдан хабар бер, қалбимдан, сўзим!

Минҳожиддин қувончининг ҳам, бўзловининг ҳам фақат ўзиники бўлишини, айтган ҳар бир сўзи  ёлғиз қалбидан чиқишини орзулаган эди. Зеро, юракдан чиққан сўзгина ўзга юракларга етиб боришига ишонганди. Бугун ҳаётнинг пасту баландини обдон кўрган тажрибали шоир энди ижодкорлик юкини янада оғирлаштириб, ўз миссиясини: “Шоирлик – Ҳақ билан сирдошлик асли”, деб белгилайди. “Ҳақ билан сирдошлик” – ҳазилакам масъулият эмас. Бундай мўлжалга интилган ижодкор учун ўз кўнгил ҳолатлари ифодаси билангина чекланиш озлик қилади. Олтмишнинг бўсағасидаги Минҳожиддин ўзини кўнгли учун ҳам, атрофидаги одамлар учун ҳам, яшаётган жамиятининг маънавий ҳолати учун ҳам жавобгар ҳисоблайди. Бу жавобгарлик қуйидаги сатрларда намоён бўлади:

Билолмайман, тўрвамда не бор,

Бордир қанча насибам яна.

Бор ҳаётим Сўзга алишдим,

Мени сўроқ қилар бу сана...

Беш мучал ёшига етиб келган ўйчил шоир табиий равишда ўз умрининг мазмуни, қандай яшаётгани ҳақида ўйга толади. Бор ҳаётини сўзга алмашган шоир умрининг янги босқичи ҳам хайрли бўлишидан умид қилади. Умид туйғусини шеърда:

Яна битта довон қаршимда,

Раббим, мадад бердинг сен ҳар дам.

Умрим зангор фаслларига

“Бисмиллоҳ...” деб қўяман қадам

йўсинида ифода қилади. Ҳамиша эзгулик умидидаги шоир умрининг етмишинчи довонини “зангор фасл”, деб атайди. Ортиқча поэтик безакларсиз содда ва дўлвор сўзлардан иборат бу шеърий сатрларда барча одамлар каби ҳаётда қанча насибаси борлигини билмайдиган, аммо умр сўроқларига жавоб беришда Яратганга таваккал қилган шахс руҳияти акс этган.

Бошқа бир шеърида М.Мирзо ўзининг кўнгил изтиробларидан кўра элининг дардларини айтишни афзал кўрганини шундай ифода этади:

Эҳтимол, юрагим изтиробларин

Чақмоқлар қошида шивирлаб айтдим,

Ва лекин элимнинг фарёдларини

Чақмоққа қўшилиб, қасирлаб айтдим.

Ушбу сатрларни эл-улус фарёдини чақмоғу момақалдироқ бўлиб гулдураган шоир ҳолатининг поэтик моддийлашуви, дейиш мумкин.

Дунё айт, қаёққа кетаётурсан” деган шеърида Минҳожиддин нафақат ўзи, миллати, Ватани, балки бутун дунёнинг ташвишини чекаётган ўйчил одам ўлароқ намоён бўлади. У адоқсиз ғавғолар оғушида тубсиз номаълумлик сари шиддат-ла кетаётган дунёни ҳақ сўзгина қутқариши мумкинлигини билдириб, ҳақ сўзни айтмаган ҳар бир одам, айниқса, ҳар қандай шоирни қотил санайди: 

Ҳамон ёвузликнинг баландда қўли,

Эй юрак нажотсан, вулқонсан, отил!

Шоир юрагидан ўтар Ҳақ йўли,

Ҳақ сўзни айтмаган юраклар қотил!

Ҳақ сўзни айтмаган шоирлар қотил!

Чиндан ҳам, ҳар дақиқада қанчалаб гуноҳсиз одамлар ҳалок этилаётган ҳозирги шароитда ҳақ сўзни айтишга уринмаслик қотилга шериклик билан тенгдир.

Шоирга планетар миқёсдаги бу қадар йирик фикрлар айтишга сабаб бўлган омил юрагидаги тинимсиз алангаланаётган ишқ гулхани экани шундай тасвирланади:

Қалбимда авж олар ишқ деган гулхан,

Ёндирар борлиғим, асло йўқ сўниш.

Ахир, бу осонмас, то танда жон  бор,

Манқалда ловуллаб ёнмоққа кўниш.

Бу сатрларда шоирнинг поэтик миссияси уни то тирик экан, бутун борлиғи билан манқалда ловуллаб ёнишга кўнишга мажбур қилувчи қудрат экани таъсирли йўсинда англатилган.

Минҳожиддин бир шеърида башарият ҳозир қанчалар чигал, тушунарсиз, одамийликдан йироқ, жаҳолат ва адолатсизлик авж олган даврда яшаётган бўлишига қарамай, қачондир эзгуликнинг ғолиб бўлишига қатъий ишончи борлигини қуйидагича тасвирлайди: “Қабоҳат ўти ҳам ўчгайдир шаксиз, Башар келишмаса разолат билан. Дунё асло бундай қисматга кўнмас, Жоҳилни жиловлар адолат билан”. Бу шеърий қаторларда инсоният разолат билан келишмасликка куч топса, очунни безовта қилаётган жаҳолат жиловланишига ишонч таъсирли акс этган.

“Танланган асарлар”дан ўрин олган кўплаб шеърларда шоирнинг нозик кўнгил ҳолатлари тасвир этилади. Шоир бир шеърида биргина ёқимли ҳаракат билан юракни яшнатиб юбориш мумкин бўлганидай, ёқимсиз бир қилиқ билан жонни қийноқларга солиш ҳам мумкинлиги, жонбахш бир тутум ўлган кўнгилга жон бағишлаб, юракни қуёшга айлантириши, бу эса кишига чексиз қудрат бахш этиши жуда таъсирли акс эттирилади:

Бир ишора – яшнайди юрак,

Бир ишора – оғритар жонинг.

Руҳим, сўра, унга не керак,

Озорбахшми кутган меҳмонинг?

Бир муждадан тирилар, сўлган 

Кўнглимдаги барча ҳисларим.

Қуёш – менинг қалбимда кулган

Энди оташ, чўғ-нафасларим.

Биргина эзгу ҳаракат билан қуёшга айланган юракдан чиққан сўз муножот бўлиб янграйди. Энди эзгулик ва эрк оловини ёқиш учун чақмоқтошга ҳожат йўқ – оташли кўнгилнинг ўзини чақиш кифоя: “Ёғду сочар, ҳар сўз – муножот, Само бир эрк қилмоқда тақдим. Чақмоқтошми... излаш на ҳожат? Ана олов... кўнглимни чақдим...

Бошқа бир шеърида Минҳожиддин болалик туйғулари оғушида бўлишни истаган ҳолатини самимий баён қилади:

Болаларга тушаркан кўзим

Оҳ, бош олиб кетгим келади.

Улар билан бирга қийқириб,

Майсазорда ётгим келади...

Болалик – ҳар бир одамнинг етиб бўлмас орзуси. Шоир Минҳожиддин ҳам бу чигал, серқиёфа ва мушкул катталар дунёсидан соф ва самимий болалар оламига кетгиси, улар каби қийқириб, майсазорларда ётгиси келганини ёруғ бир андуҳ билан ифода этади.

Минҳожиддин Мирзо баъзи битганларида руҳий ҳолатнинг ғоят нозик манзараларини чизади. “Сув узра ой аксланар” шеърида маъшуқасининг келишини кутаётган ошиқ руҳий ҳолати табиатнинг бетакрор гўзал манзараси билан санъаткорона уйғунлаштирилади:

Сокин кеча, ойдин тун,

Майсазорлар шитирлар.

Юрак тўрдаги оҳу

Ўзин уриб питирлар.

Кечанинг сокинлиги, тунннинг ойдинлиги ошиқ юрагининг тўрга тушган оҳудай титроғига қарши қўйиб тасвирланиши шеърхонга лирик қаҳрамон руҳий ҳолатини яққол тасаввур қилиш имконини беради.

Шеърнинг иккинчи тўртлигида суюклининг келиши тасвири ҳам ўта жозибали ва ғоят ўзбекона ифода этилган: “Чигирткалар жим қолар, Келар қадам товуши. Фариштадай нозанин Қўлларида ковуши”. Ушбу поэтик манзара ҳаётий ва миллий экани билан шеърхонни ром этади. Товуш чиқармаслик учун ковушини қўлларига олган бўлсада, кеча сокинлиги боис ошиққа қадам товушлари эшитилишининг бундай тасвири ҳам йигит, ҳам суюкли қиз руҳий ҳолатидаги тарангликни ўқирманларга яққол сездиради.

Тунги учрашув ҳолати акс этган ушбу шеърда атроф-жавонибнинг кўриниши ғоят мароқли чизилади:

Сув узра ой аксланар,

Ухламайди балиқлар.

Висол суратин кўриб,

Қиқирлайди ариқлар.

Тажрибадан маълумки, одам атроф оламни боридай эмас, балки кайфиятига қараб кўринганидай идрок этади. Ушбу ҳақиқат Минҳожиддин шеърларида жуда нозик ҳисобга олингани унинг битикларига жозиба бахш этади.

Шоир баъзан ғоят оғир ва иложсиз ҳолатга тушиб қолган лирик қаҳрамон руҳиятини бўрттириб кўрсатиш учун атай жуда енгил ифода йўсинидан фойдаланади. Акс эттирилаётган руҳий ҳолат билан ифода тарзидаги бу хил номувофиқлик шеърга ўзгача таъсирчанлик бағишлайди. “Эй соқий” шеърининг қуйидаги бандида шу ҳол кўзга ташланади:

Эй соқий, кел бодангни

Менга бергил, мен ичай.

Мендан кечди бир гулюз,

Бер, мен ҳам ўздин кечай.

Одатда Минҳожиддин – тасвир одобига қатъий риоя қиладиган шоир. У битганларида ҳам туйғулар етовида юришдан кўра туйғуларини ҳам қирғоғидан тошириб юбормасликка уринади. Гулюз пари йигитдан кечган бўлса, шеърнинг тортинчоқ ва фидойи қаҳрамони ўзидан кечишга жазм этади. Бу шеърда ошиқни мувозанатдан чиқарган айрилиқ азобининг оғирлиги ифоданинг енгил ва ўйноқилиги фонида ажиб ўзгачалик касб этган. 

Минҳожиддин шеърларида имкон қадар образли фикрлашга, сезим ва кечинмалар тўғрисида ахборот бермай, уларни таъсирли йўсинда манзаралаштиришга интилади. Шунинг учун бир шеърида ўзининг шоирлиги бутунисича ишқ натижаси бўлиб, Минҳожиддин эса ана шу ошиқ кўнгилнинг мирзасигина эканини: “Низоми ишқ, каломи ишқ, Саломи ишқ ул кўнгилнинг, Дерки ани Минҳожиддин Менки, анинг Мирзосиман” тарзида ифода этади.

Минҳожиддин шеърларидаги образли фикрлаш йўсини унинг бошқача ижтимоий йўналишдаги шеърларида ҳам яққол кўзга ташланади:

Эрк шундай дарддирки, ўлгани қўймас,

Қабрлар ёв томон сурилиб келар.

Ватан деб жонфидо қилган шаҳидлар

Авлодлар қалбида тирилиб келар.

Бу сатрларда эркка интилишнинг қудрати сабаб ҳатто қабрлар ҳам ёв йўлини тўсишга интилиши, одам эркин бўлмай туриб, ўлгиси ҳам келмаслиги, эрк йўлида шаҳид кетганлар авлодлар қалбида тирилиб келиши туйғуларни жунбушга келтирар йўсинда образли ифода этилган. Эркка ташналик инсон тийнатидаги азалий ва мангу хосият экани шеърнинг: “Эрк шундай боқий нур, сўнмагай асло, У улуғ тожидир инсоний кўркни. Тупроқни йўқ қилиб бўлмаганидай, Йўқ қилиб бўлмагай дунёда Эркни” мисраларида бетакрор йўсинда ифода этилган.

Минҳожиддин одамиятнинг бугунги постмодерн дунёдаги яшаш йўсини тўғрисида чуқур ўйлайди. Унга ҳозир қарор топган тартиботнинг ҳаммаси ҳам ёқавермайди. Одамларнинг бир-биридан узоқлашуви, меҳр танқислиги, кишининг тўда орасида бўла туриб ёлғиз экани, оқибатсизлик сингари жиҳатларнинг ёйилиб бораётгани уни хавотирга солиб, ўйга толдиради. Башариятнинг бугунидаги шу каби жиҳатлар унда савол уйғотади:

Хуллас, янги қараш – бу ҳаёт,

“Эски”сига бошлайди зуғум.

Аммо бир ҳол ўйлатар мени:

-Юраклар бўш, кўчалар гавжум...

...Нега бугун юраклар бўм-бўш?

Нега бугун кўчалар гавжум?!

Бу сатрлардан ҳар бир одам бошқанинг юрагидан жой олгандагина унга яқинлашган бўлиши, тўдалашиб, кўчаларни гавжум қилишнинг ўзи яқинлик белгиси эмаслиги англашилади. Юрагидан ўзгаларга жой бермаган кишиларнинг минглаган одамлар орасида ҳам кимсасиз бўлавериши фожиаси шу йўсин ифода этилади.

Китобга кирган шеърларнинг кўпчилигида шоир ўзини тафтиш қилади, қандай яшаганини билишга, чоғдошларида қандай тасаввур уйғотганини англашга интилади. У доим шоирликнинг ғоят оғир ва фахрли миссиясини бажара олдимми, деган ўйлар оғушида юради:

Сўз айтдимми иймонга лойиқ,

Шеър битдимми виждонга лойиқ.

Ахир, бундан ортиқ бахт борми,

“Шоир!”- деса сени халойиқ!

Кўринадики, Минҳожиддин учун бадиий ижодда ҳамиша иймон ва виждонга хиёнат қилмаслик, шоир деган номга муносиб бўлиш муҳим. Албатта, бундай яшаш, ҳақ сўзни айтишга интилиш осон кечмаган, шоир бу ҳақда: “Ҳақ сўз учун, ахир, қуюнлар, Чирмашдилар қанча ёқамга. Етолдимми, билмайман ҳануз, Шоир деган юксак мақомга?!”- деб ёзади. Ўнлаб китоблар чиқарган, кўпчилик орзу ҳам қилолмайдиган мансабу мартабаларни кўрган, филология бўйича докторлик даражасига эришган Минҳожиддин Мирзо ҳамон ўзига ана шундай талабчанлик билан қараётганиёқ унинг шоир деган мақомга лойиқ эканини кўрсатади. 

Хуллас, шоир Минҳожиддиннинг етилган тафаккури тупроғида униб-ўсиб, ушбу китобдан жой олган шеърий чечаклар узоқ йиллар ўқирманлар кўнглига завқ бериб, кўзини қувнатиб поэтик бўй таратади, деб ўйлайман.

Имкони қадар барчага яхшилик қилишга, ёрдам беришга уриниб келаётган одамохун ижодкор ва олим Минҳожиддин Мирзони олтмиш ёши билан қутлаб, ижодий ишларига ютуқлар тилаймиз.

Суҳбатни ЎзА мухбири

Жовли Хушбоқов ёзиб олди.

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фидойилик ва фаоллик самараси