Самарқанд вилоят ҳокимлигида Президентимизнинг тегишли фармонларига мувофиқ Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган юртдошларимизга ушбу мукофотларни тантанали топшириш маросими ўтказилди.
Фаоллар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев сўзга чиқиб, давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида фидокорона меҳнат қилиб, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига беқиёс ҳисса қўшаётган ва шу хизматлари туфайли давлат мукофотларига сазовор бўлган самарқандликларни табриклади.
– Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигида, халқимиз турмуш фаровонлиги, ҳудудлар ободлигини таъминлашда ҳар бирингизнинг муносиб ҳиссангиз бор, – деди Адиз Бобоев. – Саноат, қурилиш, хизматлар кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, таълим ва бошқа ижтимоий соҳаларнинг изчил ривожланишида фидойилик кўрсатмоқдасиз. Ана шу жонкуярлигингиз бугун энг улуғ, энг азиз байрамимизда ҳурматли Президентимиз томонидан эътироф этилди, қадр топди. Бундай эътибор ва ишонч билан сизларни табриклаб, келгуси ишларингизда ҳам омад тилайман.
Маросимда Адиз Бобоев Президентимиз номидан давлат мукофотларини ўз эгаларига топширди.
Ўз навбатида мукофотланганлар сўзга чиқиб, юртимизда инсон қадрини улуғлаш борасидаги ислоҳотлар туфайли давлат мукофотлари билан тақдирланганлари учун миннатдорлик билдирдилар.
[gallery-25032]
– Меҳнат фаолиятимни бошлаганимга 60 йилдан ошди, бошқарув идораларида, жамоат ташкилотларида меҳнат қилдим, – дейди Халқ демократик партияси Пахтачи тумани кенгаши раиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Исмат Санаев. – Бугун ҳам ҳаётий тажрибам, билим ва кўникмаларимни ёшларги ўргатиб, жамият ҳаётида фаол бўлишга ҳаракат қиляпман. Бадиий ижод билан шуғулланиб, бир нечта насрий ва назмий китобларимни чоп эттирдим. Камтарона хизматларим Президентимиз томонидан эътироф этилиб, юксак давлат мукофоти билан тақдирланганимдан бошим кўкка етди. Бундан буён ҳам давлатимиз тараққиёти йўлида хизмат қилишни ўзим учун шараф деб биламан.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари