Фидокорона меҳнат эътирофи
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев чин маънодаги ижодкор, самимий, оддий, камтарин инсон. Композиторнинг асарлари ўзига хослиги, ёрқинлиги, тантанаворлиги, кези келганда эса ғамгинлиги, фарёд ва нолалари билан ажралиб туради. Уларда Ватан, халқ, она табиат, инсоннинг ички дунёси, қалб туғёнлари мадҳ этилган.
Кенг мусиқий ва фалсафий тафаккур, эмоционал жўшқинлик Р.Абдуллаев ижодининг ўзига хос қирраларидан саналади. Мусиқий саҳна жанрлари композитор ижодида муҳим ўрин эгаллайди. “Шодимулк”, “Садоқат”, “Хива”, “Виждон” , “Соҳибқирон” опералари, “Қуёшга таъзим”, “Жалолиддин” балетлари, “Лазги” хореографик сюитасида композиторнинг мазкур жанрларда эришган ютуқлари намоён бўлади.
Симфоник ва вокал симфоник жанрларда ижодкор “Шодлик таронаси”, “Алишер Навоий хотирасига”, “Тарас Шевченко”, “Муҳаббат достони” каби 10 та симфоник поэма, камер оркестр учун полифоник симфония, “Шўх мусиқачилар”, “Таиланд мадҳияси”, “Ёшлик баҳори”, “Диёримда байрам”, “Нақшлар”, “Лазги” увертюралари, камер оркестр учун хитой ва япон мавзуларига пьесалар, терроризмга қарши “Фарёд” мусиқий асари билан бирга ҳаётнинг бор гўзаллигини ўзида ифодалаган “Шодлик таронаси”, “Наврўз мадҳияси” каби бир қатор асарлар ҳам яратди.
Р.Абдуллаев симфоник ижодиётининг асосий қисмини фортепиано ва оркестр учун бешта концерти, скрипка ва оркестр учун концерт, виолончель ва оркестр учун концерт, қашқар рубоби ва оркестр учун концерт ташкил этади. Уларда муаллиф мустақил мусиқий тили қаторида ўзбек ва бошқа шарқ мамлакатлари, хусусан, Таиланд, Корея миллий мусиқаларидан унумли фойдаланди.
Композиторнинг фортепиано, торли оркестр ва зарбли чолғулар учун “Раталла” ва фортепиано ва торли оркестр учун “Элегия” концерт пьесалари нафақат Ўзбекистонда, балки чет элларда ҳам шуҳрат ва эътибор қозонди. Ажойиб пианиночи, рояль чалиш санъати моҳир устаси Р.Абдуллаев ўз концертларидан чолғу санъати соҳасида ўзига хос янгиликлар яратди.
Камер чолғу мусиқаси, якка ва ансамбллар учун мўлжалланган асарлари композиторнинг ижодий лабораториясини ташкил этиб, уларда муаллиф янги-янги ифодавий воситаларни қўллайди. Техник ёзувга янгича ёндашади, тадқиқотлар ўтказади. Флейта, кларнет ва фортепиано учун трио, скрипка ва фортепиано учун “Ҳаётдан лавҳа”, “Пьеса”, “Скерцо” асарлари, валторна ва фортепиано учун монолог, скрипка, виолончель ва фортепиано учун трио, тромбон ва фортепиано учун патетик речитатив, торли квартет учун 3 та пьеса, виолончель учун соната, фортепиано учун Прелюдия ва токката, фортепиано учун “Наврўз манзаралари” каби концерт пьесалари ва бошқалар шундай асарлар жумласидандир.
Камер вокал жанрларида ҳам Р.Абдуллаев ижодий ютуқларга эришди. Ўтмиш ва замондош шоирларнинг шеърларига мурожаат қилган ҳолда энг сара вокал асарлар яратди. Япон шоирлари шеърларига “Хиросима фарёди”, Зулфия сўзларига “Ҳижрон” ва “Баҳор”, Н.Нарзуллаев шеърига “Қалб ҳайқириғи” каби вокал туркумлари, “Севгилим”, “Муҳаббат чоғидур”, “Шодлик қўшиғи”, “Мангу ҳаёт”, “Лолазордандур”, “Алла”, “Тошкент фавворалари”, “Ўзбекистон”, “Кўҳна дунё”, “Кенг жаҳоним” каби 100 дан ортиқ қўшиқ ва романслар, “Мустақиллик лолаларимиз”, “Дўстлик таронаси”, “Офтоб чиқди оламга”, “Тойчоқ”, “Қошиқ”, “Кулган кўзли болалар” каби 60 дан ортиқ болалар қўшиқлари шулар жумласидандир.
– Миллий маданият ва санъатни ривожлантириш йўлида оламшумул ишлар амалга оширилди, – деди Р.Абдуллаев. – Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг очилиши, Ўзбекистон давлат консерваторияси қошида Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институтининг ташкил этилиши, Нукусда консерватория филиалининг, Фарғона водийсида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг ташкил этилиши, ёш опера хонандалари, вилоятларда мақом, рақс мактабларининг очилиши миллий санъатимизнинг ёшлар орасида кенг тарғиб этилиши бу эътиборининг намунасидир.
Болалар қўшиқларини яратишда композитор уларнинг санъатга бўлган меҳрини ошириш, маънавиятини бойитиш ва қўшиқларининг тарбиявий аҳамият касб этишига ҳам эътибор қаратади.
Р.Абдуллаевнинг асарлари нафақат юртимизда, балки АҚШ, Германия, Швеция, Туркия, Таиланд, Жанубий Корея, Вьетнам, Грузия, МДҲда концерт дастурлари ва фестивалларда муваффақиятли янграб келмоқда.
Устознинг Ўзбекистон ва жаҳон мусиқа маданияти ривожи ва тарғиботига қўшган катта ҳиссалари Халқаро ташкилотлар томонидан ҳам муносиб баҳоланди. 2017 йилда “Хитой-ўзбек дўстлигини ва икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги буюк хизматлари учун” (Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси), “Халқаро алоқаларни мустаҳкамлашда қўшган ҳиссалари учун” (Вьетнам Композиторлар Ассоциацияси), 2017 йилда “XXI аср истеъдодлари” (Вьетнам, V-Халқаро ассамблея) дипломлари билан тақдирланган.
Р.Абдуллаев 1975 йилдан буён Ўзбекистон давлат консерваториясининг композиция ва чолғулаштириш кафедрасида (2010 йилдан профессор) дарс бериб, ёш кадрларни етишиб чиқишида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. 1995 йилдан буён Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси лавозимида фаолият олиб бормоқда. Республика ва халқаро миқёсдаги фестиваллар ва танловларнинг ташкил этилиши ва ўтказилишида унинг ҳиссаси катта.
Халқаро симфоник мусиқа фестивали (1998, 2000, 2002, 2008, 2018 йиллар), Биринчи Ёш композиторлар республика (2018 йил) ва халқаро (2019 йил) фестиваллари, Н.Аҳмедова номидаги Республика ва халқаро хонандалар танловлари (2004, 2008, 2009, 2011, 2016 йиллар), ёш композиторлар ва ёш танқидчилар танловлари шулар жумласидан. Р.Абдуллаев «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, «Зулфия» давлат мукофотида ҳайъат аъзоси сифатида қатнашди. Рустам Абдуллаев олийгоҳ талабалари учун ёзилган 2 томлик “Саҳна асарлари драматургияси” китоби муаллифидир. 2019 йилда композиторнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Рустам Абдуллаев. Жизнь в музыке” монографияси нашрдан чиқди.
Истиқлол байрами арафасида Президентимиз фармони асосида Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.
– 2021 йилда қабул қилинган “Опера ва балет санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор биз композиторлар учун катта байрамга айланди, – деди Рустам Абдуллаев. – Атоқли композиторларимиз опера ва балетларининг қайта саҳнага қўйилиши, Мустафо Бафоевнинг “Алишер Навоий”, Ҳабибулла Раҳимовнинг “Алпомиш ва Ойбарчин” операси, янги мусиқали саҳна асарларининг саҳналаштирилиши миллий композиторлик мактабини янги босқичларга кўтаришга хизмат қилмоқда. Кечагина Урганчда ўзбекнинг мард ўғлони Жалолиддин Мангуберди ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тўйга тўёна сифатида шу йилнинг охирида “Жалолиддин Мангуберди” балетимнинг саҳналаштирилиши қалбимда ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотди. Ватан олдида қилган кичик хизматларим юксак мукофотга лойиқ топилгани учун Президентимизга миннатдорчилик билдираман. Юртимга, Ватаним равнақига хизмат қилишга доим тайёрман.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири