Бугун юртимиз бўйлаб байрам шукуҳи кезмоқда. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларининг шарафли касб байрамини кенг тантана қилмоқда. Мана шундай қувончли кунда бир гуруҳ ҳамкасбларимиз юксак давлат мукофотлари билан тақдирлангани, давлатимиз раҳбарининг соҳа ходимларига йўллаган табриги соҳа ходимларига чексиз шодлик, келгуси ижодларига илҳом бағишлади.
Юртбошимиз табригида: “Шу маънода, бепоён медиа оламда холис ва ҳаққоний ахборот тарқатиш билан бирга, миллий манфаатларимизни қатъий ҳимоя қиладиган журналист аҳлининг машаққатли меҳнатини муқаддас сарҳадларимизда сергак турган Ватан посбонларининг жасоратига қиёсласак, ўйлайманки, ўринли бўлади”, деган эътирофи, албатта, ҳар биримизга мамнунлик бағишлади.
Улар орасида Навоий кон-металлургия комбинати медиа воситалари ходимлари, серқирра ижодкорлари ҳам бор. Ана шундай қадрли ҳамкасбларимиздан бири Виктор Яковлевдир. У содда, самимий, очиқ кўнгил, заҳматкаш инсон. Изланувчан, интилувчан, доимо ҳаракатдаги фотомухбирдир.
Бепоён Қизилқум саҳросини кезиб, ишлаб чиқаришлар, соҳа илғорлари ҳақида олган ранг-баранг фотосуратлари билан нафақат кўп минг кишилик комбинат жамоаси, балки матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам яхши танийди. Унинг ижод намуналари кўплаб оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кенг ёритилган. Ўз соҳасининг фидоий, фаол фотомухбири, ҳақиқий жонкуяр, ишлаб чарчамайдиган, устоз кўрган қадрдон ҳамкасбимиз. Мана йигирма тўрт йилдан буён улкан корхонада заҳматкаш, шарафли касб эгалари билан ёнма-ён, ҳормай-толмай меҳнат қилиб келмоқда. Меҳнат ютуқлари кўп бора эътироф этилган.
Яхши биламизки, бу соҳада ишлаш ҳам шарафли, ҳам масъулиятли. Чунки, бу соҳада салмоқ эмас, балки сифат ва савия катта роль ўйнайди. Сўз дурларини саралаб, ёрқин суратларни олиш ва тарихга муҳрлашнинг ўзи бўлмайди. Бу, юксак журналистик маҳорат, бой тажриба, чуқур билим талаб этади. Гоҳ пиёда, гоҳ уловда ҳудудларни кезиб, мавзусига қаҳрамон излаш, касбдошлари билан ҳамсуҳбат бўлиш ижодкордан меҳнатсеварлик ва матонат талаб этади. Бу фазилатларнинг барчаси қаҳрамонимизда тўла мужассам.
Ҳамкасбимиз бугун ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Айни пайтда ишдан ажралмаган ҳолда, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида билим ва кўникмасини оширмоқда. Яъни, бўлажак олий маълумотли журналист. Шу билан бирга, ҳозирда у ўзининг шахсий кўргазмасини намойиш этиш ҳаракатида.
Қувонарли жиҳати, касб байрами муносабати билан В.Яковлевнинг кўп йиллик хизматлари эътироф этилиб, у III даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирланди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, қутлуғ байрам арафасида комбинат томонидан доимий ҳамкорлик қилиб келаётган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Ўзбекистон-24” телеканали, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари, Навоий вилояти телерадиоканали, ахборот хизматлари вакиллари ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг: “Ҳеч шубҳасиз, оммавий ахборот воситалари ходимларининг машаққатли меҳнатини қадрлаш, ижодий жамоаларни қўллаб-қувватлаш, соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш бундан буён ҳам Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолади”, деган сўзи ҳар бир соҳа вакилини янада янги марралар сари руҳлантиради.
Абдумажид ЖЎРАЕВ,
НКМК матбуот маркази бошлиғи