ФИДЕ Ўзбекистон шахмат федерациясини тақдирлади
Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE) Ўзбекистон шахмат федерациясини "FIDE OUTSTANDING CONTRIBUTION AWARD 2025" мукофоти билан тақдирлади.
Бу ҳақда ФИДЕ ахборот хизмати хабар берди.
Айтиш лозим, мазкур нуфузли мукофот 2025 йил давомида шахмат ривожига қўшилган улкан ҳисса ва халқаро майдондаги муҳим ютуқлар ҳамда самарали ҳамкорликка киришган, халқаро майдонда “ақл гимнастикаси”нинг ривожига ўзига хос ҳисса қўшиб келаётган федерацияларга топширилади.
Эътиборли жиҳати, ФИДЕ томонидан юртимиз шахматининг эътироф этилиши мамлакатимизда ёшлар, айниқса аҳоли ўртасида шахматни янада оммалаштириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, халқаро саҳнада Ўзбекистон нуфузини ошириш йўлида олиб борилаётган ишларга берилган баҳо, дейиш мумкин.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА