Жорий йилнинг февраль ойи давомида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида 1 минг 159 та ҳолатда 51,6 миллион киловатт соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Бунинг натижасида тизимга 23,2 миллиард сўм зарар келтирилгани маълум бўлди. Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 258 мингта хонадоннинг бир ойлик электр энергияси истеъмолини ташкил қилади.
“Ўзэнергоинспекция” матбуот хизмати маълумотига кўра, ноқонуний фойдаланишнинг энг кўп ҳолатлари Самарқанд, Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Самарқанд вилоятидаги “D. S. A.” МЧЖда 7,6 миллиард сўм, Наманган вилоятидаги “I. J.” МЧЖда 646 миллион сўм, Бухоро вилоятидаги “M. Z. S.” фермер хўжалигида 428 миллион сўм миқдоридаги қайта ҳисоблаш ишлари амалга оширилиши бунга мисолдир.
Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
ЎзА