Фестиваль: меҳр ила асал улашамиз
Наманганда Президентимизнинг 2022 йил 19 сентябрда туризмни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда илк маротаба ташкил этилган Халқаро асал фестивали бошланди.
Одатда гул ва асал рамзий маънода бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Гуллар диёри – Наманган шаҳрида Халқаро гуллар фестивали юқори савияда ўтказилиб, сайёҳларни ўзига ром этганди. Эндиликда мазкур фестивалнинг мантиқий давоми сифатида, яна бир йирик анжуман асал фестивали ўтказилмоқда.
Наманган асалари экспорти бўйича мамлакатимизда етакчи ўринда туради. Йилига Республика ҳудудидан экспортга чиқадиган асалари пакетларининг 70 фоизи наманганликлар улушига тўғри келади. Жорий йилда юртимизда 311 000 дона асалари пакети экспорт қилинган бўлса, шундан 190 000 донасига Наманган вилояти асаларичилари муносиб ҳисса қўшди. Маълумот учун, вилоятда ҳозирги кунда 250 000 та асалари оиласи парвариш қилинмоқда. Жорий йилнинг август ойида Давлатобод туманидаги асаларичиликка ихтисослашган Гулобод маҳалласи ҳудудида “Асаларичилик саноат зонаси” маркази фойдаланишга топширилди.
Вилоятда парваришланаётган асалари оилалари сони кейинги тўрт йилда икки баробарга кўпайиб, 210 мингтага етказилди. Шунингдек, асал етиштириш ҳажми 1400 тоннадан 4500 тоннага етказилди. Шу давр мобайнида асалари пакетлари экспорти уч баробарга ошди, жорий йил ҳозиргача 200 минг дона асалари пакетлари экспорт қилинди.
“Афсоналар водийси” истироҳат боғи мезбонлик қилаётган биринчи Халқаро асал фестивалида Наманган, Андижон, Фарғона, Хоразм, Сирдарё, Жиззах, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия давлатларидан болчилар, асаларичилик билан шуғулланадиган йирик тадбиркорлар иштирок этмоқда.
[gallery-9335]
Улар томонидан асал маҳсулотлари, асаларичилик, асал йиғиш ва асалари уйи ҳақида маълумот берилмоқда. Меҳмонлар асал мумидан малҳам ишлаб чиқариш, асаларичиликка оид ҳунармандилик буюмлари тайёрлаш, асалнинг бир неча навини татиб кўриш имконига эга бўлаётир.
- Мақсад, агротуризмни ривожлантириш, соҳада ўзаро ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкамлашдан иборат, - дейди вилоят Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи Ботиржон Нуриддинов. – Қолаверса, асаларчиликда халқаро тажриба алмашиш, инновацион технологияларни жорий этган ҳолда саноатлаштириш, дунёда асаларичилик ривожланган Россия, Қозоғистон ва Украина каби “Топ 10” қаторидан жой олишдир.
Маълумот учун, фестиваль доирасида имконияти чекланган фуқаролар, кам таъминланган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга “Меҳр ила асал улашамиз” акцияси ўтказилиб, унда 2 тоннадан ортиқ асал тарқатилади.
Тадбиркорлар, давлат бошқарув органлари ва ҳокимият вакиллари ўртасида “B2B” учрашувлари ташкил этилди. Унда мамлакатимизда асал етиштириш билан шуғулланаётган тадбиркорларимизнинг маҳсулотлари экспортини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ушбу музокаралар нафақат аричилар кластерини ташкил этиш, балки келгусида амалга ошириладаган истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқишда муҳим қадам бўлади.
Уч кунга мўлжалланган халқаро фестиваль давомида қишлоқ хўжалиги туризмини ривожлантириш масаласига бағишланган илмий-амалий конференция, асал кўргазмаси, соҳадаги етакчи маҳаллий ва хорижий мутахассислардан маҳорат дарслари, концерт дастури ўтказилади. Фестиваль якунида “Энг яхши қадоқланган асал” ва “Энг табиий асал” номинациялари бўйича танлов ғолиблари тақдирланади.
Халқаро асал фестивалининг очилишида Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов, Республика асаларичилар уюшмаси раиси Шаҳобиддин Баҳриддинов иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА