Фестиваль матбуот марказида иш қизғин
“Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивалини оммавий ахборот воситаларида сифатли ёритиш мақсадида тузилган фестиваль матбуот марказида иш қизғин давом этмоқда.
“Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивалини оммавий ахборот воситаларида сифатли ёритиш мақсадида тузилган фестиваль матбуот марказида иш қизғин давом этмоқда.
Матбуот марказидан олинган маълумотларга кўра, фестивални 300 нафардан ортиқ маҳаллий, шунингдек, 20 давлатдан қирққа яқин хорижий ОАВ вакиллари ёритиб бормоқда.
– Самарқандда биринчи бор бўлишим, – дейди Германиянинг DER-REISENEWSLETTER.COM сайти мухбири Керн Карл-Ҳайнз. – Шаҳрингиз ҳақида жуда кўп эшитгандим. Айниқса, Регистон тўғрисида кенг маълумотларга эгаман. Самарқандга келдиму дастлаб Регистон майдони билан танишдим. Шу пайтгача “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали тўғрисида сайтимиз орқали кўплаб мақолалар эълон қилганмиз. Жорий йилда бу фестивални тўғридан-тўғри Самарқанд шаҳридан ёритиш имкониятига эга бўлганимиз учун ташкилотчиларга миннатдорлик билдирамиз. Яқинда “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали олдидан махсус видеолавҳа тайёрлаб сайтимизда эълон қилдик. Келгусида мазкур фестиваль ва Самарқанд ҳақида сайтимиз орқали кўплаб мақолалар эълон қилишни режалаштирганмиз. Бу германияликларни юртингизга саёҳатга жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади.





