ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида “Умуммиллий бирдамлик фестивали” ўтказилди.
Фестиваль доирасида туман маданият марказида ҳам “Инсон қадри” ижтимоий-маърифий лойиҳаси, Чуст туманидаги Мавлоно Лутфулло номидаги Маданият ва истироҳат боғида ҳамда Учқўрғон туманида жойлашган “Ниҳол” сиҳатгоҳида “Фаровон ҳаётга илк қадам” мавзусида қизиқарли суҳбатлар ташкил этилди.
Тадбир Косонсой туманидаги “Косонсой” санаторийсида давом этиб, “Шижоат” ватанпарварлик лойиҳаси доирасида пойтахтдан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар, туман маданият бўлими хонандалари ҳамда иқтидорли спортчиларнинг чиқишлари намойиш этилди.
Шунингдек, Янгиқўрғон туманининг “Нанай” болалар оромгоҳида ҳам фестиваль доирасида “Фаровон ҳаётга илк қадам”, “Китоб марафони” акцияси, “Маслаҳат оши” лойиҳалари амалга оширилди.
Фестиваль Давлатобод тумани “Янги Ўзбекистон” боғида гала-концерт билан янада файзли ўтди. Тадбирда Ўзбекистон халқ артистлари, таниқли профессорлар, шоир ва ёзувчилар, актёрлар, хушовоз хонандалар ҳамда ёш ижодкорлар иштирок этиб, юртдошларга яхши кайфият улашди. Театрлаштирилган саҳна кўринишлари, ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари, ватанпарварлик ва муҳаббатни тараннум этган қўшиқлар, миллий рақслар ва шеърлар йиғилганларда ёрқин таассурот қолдирди.
[gallery-24758]
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА