ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухорода мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида умуммиллий бирдамлик фестивали бўлиб ўтди.
Фестивалда “Маслаҳат оши” лойиҳаси, миллий урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш, уларни замонавий ҳаёт талабларига мослаштириш, исрофгарчиликнинг олдини олиш, оилавий маросимлар маданиятини юксалтиришга қаратилган очиқ мулоқотлар ташкил этилди. “Баркамол авлод” болалар мактабида ўтказилган “Инсон қадри” лойиҳаси эса ёшларни касбга йўналтириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва эҳтиёжмандларга кўмак бериш орқали жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
[gallery-24866]
Ғиждувон туманидаги 10-мусиқа ва санъат мактаби ҳамда “Малика Султон” зардўзлик марказида ташкил этилган “Дилдаги гаплар” лойиҳаси ёшларнинг психологик саводхонлигини ошириш, уларда ўз устида ишлаш маданиятини шакллантириш мақсадига қаратилди. Шунингдек, Бухородаги Президент мактабида “Бахтли болалик шарафига”, Вобкент туманида “Фаровон ҳаётга илк қадам” лойиҳалари, Ёшлар марказида нуроний отахон ва онахонлар иштирокида “Маслаҳат оши” тадбири ўтказилди. Қоракўл туманидаги маданият ҳамда “Малика Султон” зардўзлик марказларида ўтказилган “Дилдаги гаплар” очиқ мулоқоти ва амалий машғулотлар айниқса, иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Фестиваль Бухоро давлат университетида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остидаги тарғибот тадбирига уланди. Унда университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди. У ерда мустақиллик шукронаси, тинчлик неъмати ва Янги Ўзбекистондаги улкан ислоҳотлар ҳаётий мисоллар билан тушунтирилди.
“Кўҳна ва боқий Бухоро” мажмуасида эса Ўзбекистон халқ артистлари, таниқли профессорлар, шоир ва ёзувчилар, актёрлар, хушовоз хонандалар ҳамда ёш ижодкорлар иштирокида гала-концерт ва турли маънавий-маданий дастурлар, спорт тадбирлари ўтказилди.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА