Фермернинг жайдари фалсафаси
Одатда, муайян бир ҳудуднинг саноати, қишлоқ хўжалиги ё бошқа бирор соҳаси ҳақида гап кетганда, у ернинг табиий шароити, транспорт инфратузилмаси билан бирга, аҳоли турмуш маданияти, қизиқиш ва интилишлари ҳам ҳисобга олинади.
Одатда, муайян бир ҳудуднинг саноати, қишлоқ хўжалиги ё бошқа бирор соҳаси ҳақида гап кетганда, у ернинг табиий шароити, транспорт инфратузилмаси билан бирга, аҳоли турмуш маданияти, қизиқиш ва интилишлари ҳам ҳисобга олинади. Шу нуқтаи назардан бугун Жомбой тумани Самарқанд вилоятида қишлоқ хўжалиги жадал ривожланаётган ҳудудлардан бири сифатида эътироф этилиши туман меҳнаткашлари яратган деҳқончилик мактаби туфайли десак, янглишмаган бўламиз.Бу мактабнинг илғор вакилларидан бўлган Аваз Эргашевнинг Ўзбекистон Қаҳрамони деган юксак унвонга муносиб кўрилгани, донгдор ғаллакор Барот Нодиров тажрибалари мамлакатимизда кенг оммалаштирилгани кўпчиликка яхши маълум. Ҳозир туманда фаолият кўрсатаётган мингга яқин фермерлар ҳам ана шу мактаб анъаналарини муносиб давом эттириб келаётгани, жумладан, “Сарвиноз Убайдулла файз барака” фермер хўжалиги етакчиси Убайдулла Маматқуловнинг ўз фаолияти ҳақида айтган гаплари фикримизни шу тарзда баён этишга туртки бўлди.
– Бизнинг суягимиз меҳнатда қотган, эсимни таниганимдан буён қишлоқ хўжалиги соҳасидаман, – дейди Убайдулла ака. – Жамоа хўжалигида кўп вазифаларда ишладим. Аммо у пайтларда шароит, имконият бугунгидек эмас эди. Ташаббус кўрсатиш ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади, ҳатто ўз фикримизни айтишга ҳам чўчирдик. Шунинг учун Жомбойнинг ерида ғалла, боғдорчилик ва сабзавотчиликда бошқа ҳудудларга нисбатан юқори ҳосил олиш имконияти бўлса-да, фақат пахта етиштириш билан шуғулландик. Кеч етилиши туфайли қишда ҳам пахта терардик. Шукрки, истиқлол туфайли вазият бутунлай ўзгарди. Еримиз хусусиятига, иқлимимизга мос экинлар етиштираяпмиз. Айниқса, ҳукумат томонидан махсус дастурлар қабул қилиниб, туманимизда мева-сабзавот ва боғдорчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани жомбойлик деҳқонларнинг айни кўнглидаги иш бўлди-да. Ўзимизнинг фермер хўжалигимиз мисолида айтадиган бўлсам, еримиз жуда катта эмас, лекин экин тури кўп. Саккиз гектар майдонда ғалла, 4 гектар ерда помидор, карам, қизил лавлаги ва бошқа сабзавот экинлари экканмиз. Токзор ва олмазоримиз ҳам бор. Ҳамма экинимиз яшнаб турибди, кўрсангиз, дилингиз яйрайди.
Убайдулла ака айтаётган гапларидан ўзи жўшиб кетиб, бизни дала айланишга чорлади.
– Биз фермерларбоп машина чиқди-да бу, – дейди Убайдулла ака "Нексия"га ўтириб. – Далага ҳам миниб кетаверамиз, шаҳарга бормоқчи бўлсак ҳам бир зумда манзилимизга етамиз. Туну кун хизматга шай. Ҳар куни тонг саҳар машинага ўтираману далани айланиб чиқаман. Шундай пайтда олдинги замонлар кўз олдимдан ўтади. Хўжаликда биттагина хизмат машинаси бўлар, у ҳам раисдан ортмас эди. Агроном ва бошқа ходимлар бор бўлса ўз уловидан фойдаланар, бўлмаса, яёв эди. Ҳозир машинасиз фермернинг ўзи йўқ. Ҳатто, далага бошқа, шаҳарга тушганда бошқа машина минадиган фермерлар кўп. Бу ҳам мустақиллик шарофати, деҳқоннинг елкасига офтоб теккани натижаси-да…
Убайдулла аканинг гапларини тинглаб, темир конструкциялар билан ишком қилинган токзор бошига келганимизни ҳам сезмай қолдик.
– Бундай усулда токзор яратиш ўғилларимдан чиққан ташаббус, – давом этади фермер. – Водийда ишком усулида узум етиштирилаётганини кўриб, ўзимиз ҳам шундай боғ қилайлик, деб айтишди. Албатта, катта майдонда ишком қилишнинг ўзи бўлмайди, маблағ, ишчи кучи дегандек. Лекин ҳар томонлама ўйлаб, пухта ҳисоб-китоб қилиб кўргач, ишга киришдик. Уч гектар токзорда икки метр баландликда ишком кўтардик. Кузда кўчатларини тушириб кўмамиз, баҳорда яна ишкомга чиқарамиз. Уч йил олдин экилган ток ўтган йили нишона ҳосил берди. Бу йил тўлиқ ҳосилга кирди. Ишлов бериш, ҳосилни териб олишга жуда қулай экан. Ҳозирча ток барглари ишком устини тўлиқ қоплаганича йўқ. Шунинг учун шунча ер бўш қолмасин деб, ток қатор ораларида тарвуз экишни мўлжаллаб турибмиз.
Фермер билан бирга ғалла майдони, сабзавот экинлари экилган ерларни бориб кўрдик. Бир гектар майдонда етилиб турган карам узиб олишга тайёр. Камида 65-70 центнердан ҳосил бериши кутилаётган буғдойзор қуёш нурида олтиндек товланади. Фермернинг ҳовлисида парваришланаётган олти қути ипак қурти ҳам эрта-индин кумуш толага айланади. Далада меҳнат қилаётган фермер хўжалик аъзолари билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳаракатларини кузатиб, мавсумнинг биринчи ҳосили йиғиштириб олингач, иккинчи экин экиш тадоригини кўраётганини англадик. Дилимиз яйради, кўзимиз қувонди.
– Юртимиз тупроғи олтин, сувимиз зар, халқимиз меҳнаткаш, – деди Убайдулла ака бизни кузата туриб. – Энг муҳими, Президентимиз биз, фермерлар учун шунча катта имкониятлар яратиб, кўплаб имтиёзлар бериб қўйган. Бунга жавобан астойдил меҳнат қилишимиз, ердан самарали фойдаланишимиз керак-да. Бозордаги арзончилик, дастурхонимиз тўкинлиги, рўзғорларимиз бутлиги ва юртимиздаги тинчлик-хотиржамликнинг асоси шу эмасми? Ўзим шу ақидага амал қиламан ва болаларим, ёнимдаги бошқа фермерларни ҳам шунга даъват этаман. Меҳнатдан, изланишдан, янгиликка интилишдан қочманглар, дейман. Деҳқончилик шуниси билан баракали-да, меҳнат қилган, янгиликка интилган киши ердан ризқини олаверади.
Бу фикрларга бирон-бир қўшимча ёки шарҳга ҳожат бўлмаса керак. Зеро, фермернинг жайдари фалсафасида ҳамма нарса жамулжам эди...