Фермернинг мақсади
Асад – экинингни ясат, дейишгани рост. Чунки, саратон ва сунбула орасидаги асад ойида ғўза шонаси гулга, гул кўсакка, кўсак эса тўлишиб, лўппи пахтага айланади.
Асад – экинингни ясат, дейишгани рост. Чунки, саратон ва сунбула орасидаги асад ойида ғўза шонаси гулга, гул кўсакка, кўсак эса тўлишиб, лўппи пахтага айланади.Буни яхши билган Тошкент вилояти фермерлари жорий йилда 91 минг 500 гектар майдонга қадалган чигитни, беталафот ундириб, бор ҳосилни сақлаш ва уни янада кўпайтиришга зўр бермоқда. Ғўзани суғориш, қатор ораларига ишлов беришга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Оққўрғонлик фермер Саидаброр Холсаидов айни қирчиллама ёшда. Шу боис, қуш тинади, у тинмайди. Ер эгасига айланиб, мулкдор бўлгач, ғайрати ўн чандон ошди. Ғалла, пахта етиштириш, қолаверса, чорва моллари боқишнинг ҳадисини олди.
Президентимиз раҳнамолигида фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида ғалладан 80-100, пахтадан 50-60 центнергача ҳосил кўтараётган ер эгалари кўпайиб бормоқда. Мабодо бунга шубҳа қиладиганлар бўлса, бемалол, Саидаброр аканинг даласига бошлаб келаверинг. Қизиқиб, ютуқлар “сири”ни сўрасангиз, моҳир фермердан гапнинг дангалини эшитасиз: “Энди, ҳаммаси деҳқоннинг қўли пул кўриб, меҳнати қадр топаётганидан-да, ука...”
Биласиз, август – деҳқон учун ҳал қилувчи палла. Боиси, ғўзалар аввал кун санаган бўлса, энди соат санайди. Ҳар бир новдадаги кўсаклар 4-5 тага кўпаяди. Бу ҳар гектардан қўшимча 10-12 центнер қўшимча ҳосил олиш имконини беради.
Саидаброр Холсаидов 2007 йилда “Саидаброр Султон Саид” хўжалигига асос солиб, фермерлик ишига киришганда умумий экин майдони 22 гектар бўлган. Йиллар давомида қилинган меҳнат самараси завқли, нони тотли бўлади. Астойдил қилинган меҳнат туфайли даромад ортди. Экин майдони 122 гектарга етди.Хўжалик тармоғи кенгайди. 40 дан ортиқ наслли мол боқувга қўйилди. Ҳозир улардан кунига 200 литр сут соғиб олиниб, сутни қайта ишловчи корхоналарга етказиб берилмоқда.
Йилдан йилнинг фарқи бор, дейишади. Бу бежиз эмас. Табиат инжиқликлари биздан ҳар йили мавжуд вазиятга қараб иш кўришни талаб этади.
– Бу йилги кўклам анча салқин келиб, экин ривожини сустлаштирди, – дейди фермер гапимизни маъқуллаб. – Бироқ, барча агротехник тадбирларни ўз вақтида ва оби-тобида бажарганимиз туфайли бултурги даражада ҳосил тўплашга эришдик. Шу кунларда бор имкониятлардан самарали фойдаланиб, илғор технологияларни оқилона қўллашимиз керак. Айниқса, шу ойда агротехник тадбирларни белгиланган муддатда бехато бажаришимиз, культивация, чилпиш ишларини сифатли ўтказишимиз, ҳосилни турли зараркунанда ва касалликлардан асрашга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Августда ғўзани суғориш унинг кўсагига вазн, толасига сифат қўшишини ўзимизнинг, қолаверса, қўшни хўжаликлар тажрибаси мисолида ҳам кўп кўрганмиз. Шу боис, пахтани суғоришни тупроқнинг механик таркиби, сизот сувлар сатҳи, ўсимликнинг ҳолати, навларнинг биологик хусусиятига қараб ташкил қилаяпмиз. Насиб қилса, бу йилги даромадимиз ҳисобига хўжалигимиз таромоғини яна биттага кенгайтирамиз.
Модомики, фермер ғалвир сувдан кўтарилганда юртимиз пахта хирмонига белгиланганидан кўп ҳосил тўкиш,хўжалик таркибида гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш истагида экан, ҳосилга ҳосил қўшиладиган шу ойда барча агротехник тадбирларни ўз вақтида, сифатли бажариши, ғўзани суғориш, қатор ораларига ишлов бериш ва бошқа зарур юмушларга алоҳида эътибор қаратиши лозим.