Фермерлар молиявий қўллаб-қувватланмоқда
Ўзбекистон Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа корхоналарда қишлоқ хўжалиги фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашувчи давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурлар, лойиҳалар ҳамда тадбирларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмак кўрсатиляпти.
—2025 йилнинг ўтган ойлари давомида Қорақалпоғистон Республикаси учун жами 2 миллиард 248 миллион сўм йўналтирилди, —дейди Ўзбекистон Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ҳудудий вакили Алланияз Ажимов. —Жумладан, жамғарма маблағлари ҳисобидан Чимбой туманида фаолият юритаётган “Кабуловлар оиласи” маъсулияти чекланган жамиятига 1 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди. Шунинг ҳисобидан 1 гектар ерда иссиқхона барпо этилиб, бугунги кунда Чимбой тумани аҳолисига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Шунингдек, Амударё туманида “Турсунбаев Шоҳжахон” фермер хўжалигига ажратилган 355 миллион сўм маблағ ҳисобидан “Беларус-80Х” ҳайдов трактори харид қилинди. Фермер хўжалиги томонидан ҳайдов трактори билан ўттиздан зиёд томорқа ер эгаларига хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Жамғарма томонидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун жами 21,5 миллиард сўм кредит олиш истагини билдирган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг манзилли рўйхати шакллантирилди. Шундан жорий йилнинг иккинчи чорагида фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига кредит ресурси сифатида 1 миллиард 750 миллион сўм, қишлоқ хўжалиги мини трактори учун лизинг сифатида 130 миллион сўм, аҳоли томорқаларида бурғуланган артезиан қудуғи учун субсидия сифатида 13 миллион сўм ажратилди. Жумладан, Чимбой туманидаги “Кабуловлар оиласи” масъулияти чекланган жамиятига иссиқхона ташкил этиш учун 1 миллиард сўм, Тахтакўпир туманидаги “Баў-бахша кластери” масъулияти чекланган жамиятига музлатқичли омборхона учун 600 миллион сўм, Тўрткўл туманидаги “Саитова Бекажон” якка тартибдаги тадбиркорга боғдорчилик учун 200 миллион сўм, ушбу тумандаги “Тозобоғли Мурад” фермер хўжалигига қишлоқ хўжалиги мини трактори учун 130 миллион сўм лизинг маблағи молиялаштириб берилди. Ажратилган маблағлар ҳисобидан қўшимча равишда 3 минг 500 бош парранда, 300 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш, 200 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотини мавсумгача сақлаш имконияти яратилди.
2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида асосий фаолият Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 январдаги “Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида боғдорчилик, узумчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг ижросини таъминлашга қаратилди. Жумладан, жамғарма томонидан интенсив боғ, токзорлар ва иссиқхоналарни ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси, технологиялари ва асбоб-ускуналарни лизингга бериш бўйича прогноз харажатлари ишлаб чиқилди.
Фермер хўжаликлари ерларидан фойдаланишнинг инновацион ёндашуви уларнинг деҳқончилик сир-асрорларининг қай даражада эгаллаганлиги, билим ва малакасининг етарли ёки етарли эмаслиги билан боғлиқ бўлади. Бунинг учун фермер хўжаликлари ерларидан самарали фойдаланишда уларнинг билим ва малакасини мунтазам равишда ошириб бориш зарур. Тўғри, барча фермер хўжаликлари ҳам ўзларининг билим ва малакасини ошириш имкониятига эга бўлмаслиги мумкин. Бунинг учун махсус ўқув марказлари ташкил этиш орқали уларни бепул деҳқончилик сир-асрорларини ўргатишга ўқитиш муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада томорқачиликни ривожлантириш йўлида ҳудудларда Жамғарма таъсисчилигида ташкил этилган “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти негизида ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур ўқув марказларида ташкил этилган ўқув курслари фаолияти келгусида фермер ва деҳқон хўжаликлари дала майдонларидан самарали фойдаланишига, йилига камида 2-3 марта ҳосил олишига, пировардида ҳудуддаги бозорларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўйинишига хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг учинчи чораги давомида Амударё туманидаги “Амударё томорқа хизмати”, Нукус туманидаги “Тўремурад Бест томорқа хизмати”, Беруний туманидаги “Беруний Агро бизнес томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари, Тахиатош туманининг “Найман” овул фуқаролар йиғинидаги намунали томорқа ер эгаси Н.Халилаев ҳамда Бўзатов туманидаги “Бўзатов” маҳалла фуқаролар йиғинидаги намунали томорқа ер эгаси К.Жангелдиев хонадонлари негизида жамғарма ҳисобидан экспортбоп ва сердаромад экинлар экишга ихтисослашган намунавий ўқув-тажриба майдонлари орқали ўқувлар ташкил этилди. Ўқув курсларида тингловчиларнинг билим ва кўникмаларини оширишда тажрибали профессор-ўқитувчилар, олимлар, соҳа мутахассилари, уста деҳқонлар, наъмунали томорқачилар жалб этилди.
Тасдиқланган жадвал асосида ўқув курсларини ташкил қилишда яқин туманлардан 10-15 нафардан тингловчилар тизимли равишда жалб этилди. Бу каби қисқа муддатли ўқув курсларини Қорақалпоғистон Республикасининг бошқа ҳудудларида ҳам тизимли ташкил этиш режалаштирилган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири