Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда фермерлардан пахта хом ашёсини харид қилиш бўйича тумандаги маълум бир кластер корхонаси билан шартномаларни тузишга мажбур қилинаётганлиги, шартномалар бир томонлама, бандлари тўлдирилмаган ҳолда расмийлаштирилаётганлиги ҳақида турли мулоҳазалар айтилмоқда, жойлардан шикоятлар келмоқда.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашнинг ҳуқуқшуноси Санжар Исаев бу ҳолатга қуйидагича изоҳ берди.
– Бундай ҳолат ҳеч бир қонунчилигимизга тўғри келмайди, –дейди С.ИСАЕВ. – Фермер ва деҳқонларимизни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартда қабул қилинган «Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори дастуриламал бўлмоқда.
Унга кўра, 2020 йил ҳосилидан бошлаб, пахта хом ашёсини етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилиниб, харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилди. Пахта хом ашёсини етиштирувчилар (фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, кооперациялар)га районлаштирилган ғўза навларини эркин жойлаштириш ҳуқуқи берилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 ноябрда қабул қилинган “Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг 3-бандига кўра, бир ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси ёки тегишли вилоят) барча пахта-тўқимачилик кластерларига фермер хўжаликлари билан шартнома асосида фаолият юритишига ва фермер хўжаликларига ушбу кластерлар билан пахта хом ашёсини етказиб бериш бўйича ихтиёрий равишда фьючерс шартномаларини тузишга рухсат берилди.
Эндиликда, фермер хўжаликлари бир ҳудудда, яъни Қорақалпоғистон Республикаси ёки тегишли вилоятлардаги исталган пахта-тўқимачилик кластерлари билан пахта хом ашёсини етказиб бериш бўйича ихтиёрий равишда фьючерс шартномаларини тузадилар.
Куни кеча Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида фермерлар таклиф қилиниб, Адлия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси” вакиллари иштирокида 2022 йил учун “Пахта хом ашёси етиштириш хамда харид қилиш бўйича фьючерс шартнома” лойиҳаси кенг муҳокама қилинди. Ишлаб чиқилган шартнома фермер ва кластерларга амалда фойдаланишлари учун жойларга юборилди.
Афсуски, шунга қарамасдан жойларда фермерларни шартнома тузишга мажбур қилинаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Қайд этиш керакки, шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди. Фуқаролик кодексининг 354-моддасига кўра, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Бу тегишли қонунларда ҳам белгиланган қўйилган.
Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрда қабул қилинган «2004 - 2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Намунавий контрактация шартномаси», «Моддий-техника ресурслари етказиб бериш намунавий шартномaси», «Хизматлар кўрсатишга (ишларни бажаришга) намунавий шартнома»ларига мувофиқ, шартнома тузувчи фермерлар ва иккинчи тараф ўзаро келишган ҳолда расмийлаштиришлари лозим.
Шартнома тузишда тарафлар тенг ҳуқуққа эга ва шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади. Шартномалар қонунчиликка ва тарафларнинг келишувига мос келиши, қўшимча талаблар (муайян шаклдаги бланкада тузилиши, муҳр босиб (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланиши, шартнома бандлари тўлиқ тўлдирилган (миқдори, нархи ва бошқа.) ва қонун талабларига мувофиқ бўлиши керак.
Шундан сўнг, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган шартномаларгина рўйхатдан ўтказилиши лозим. Шартнома тузишда қонун талабларига риоя этилмаса, бир қатор оқибатларга олиб келиши мумкин. Шартнома суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши, суд томонидан мажбурият юклатилиши, етказилган зарарлар ва бой берилган фойда суд қарорига асосан ундириб берилиши мумкин.
Фермерлар тумандаги маълум бир кластер корхонаси билан шартнома тузишга мажбур қилинган ҳолларда маҳаллий ҳокимлик мансабдор шахслари Жиноят кодексининг 205-моддасига кўра ҳокимиятни ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиши фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Агарда қонун талабларига мувофиқ бўлмаган шартномалар рўйхатдан ўтказганлиги оқибатида фермерларга зарар етказилса туман қишлоқ хўжалиги бўлимларининг мансабдор шахслари маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, фермерларнинг ҳуқуқлари бузилганда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, яқиндан кўмак бера олади.
ЎзА