Тошкентда “Фермер хўжаликларида кўп тармоқли фаолиятни ривожлантириш муаммолари ва вазифалари” мавзусига бағишланган амалий конференция ўтказилди.
Унда республикамиздаги илғор фермерлар ва уларнинг вакиллари, депутатлар, Фермерлар кенгашининг раҳбар ва ходимлари ҳамда ОАВ иштирок этишди.
Тадбир дастлабки қисмида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган фаол фермерларнинг эришган ютуқлари юксак баҳоланди ва Фермерлар кенгашининг “Илғор фермер” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Сўнг конференциянинг асосий қисмига ўтилди ва илғор тажрибалар, эришилган ютуқлар ҳамда олдинда турган вазифалар муҳокама қилиниб, сўнгги йилларда фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, имтиёзли кредит ва солиқ енгилликлари бериш, кооперация алоқаларини йўлга қўйиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилаётгани қайд этилди.
Қайд этилишича, Фермерлар Кенгаши юридик кўмак орқали 4 400 та даъво аризасини судларга киритиб, уларнинг 3 152 таси бўйича қарор чиқарилишига эришилган. Натижада 517,9 миллиард сўм маблағ фермерлар фойдасига ундирилган. Бундан ташқари, “Агросубсидия” тизими орқали 242,6 млрд сўм субсидиялар ажратилиб, замонавий суғориш тизимлари ва техника харидига йўналтирилган.
Тадбирда шунингдек, глобал иқлим ўзгариши, ер ва сув ресурсларининг қисқариши каби долзарб муаммолар муҳокама қилинди. Мазкур мавжуд муаммоларга қарамай, фермер ва деҳқонларнинг машаққатли меҳнати туфайли жорий йилда 9 млн тонна дон, 16 млн тоннадан ортиқ сабзавот ва полиз, 5 млн тонна мева ва узум, 15 млн тоннадан ортиқ гўшт ва сут етиштиришга эришилган.
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида эса 24,8 млн дона мевали ва манзарали кўчат экилган. Бу нафақат экологик барқарорликни таъминлайди, балки ер унумдорлигини оширади.
“Бугунги йиғилишда фермерларнинг кўп тармоқли фаолият олиб боришда дуч келаётган муаммолари муҳокама қилинди. Кўп тармоқли хўжалик бўлишнинг асосий афзаллиги шундаки, фермер йилнинг тўрт фаслида ҳам ишлаб, турли экинлардан даромад олиши мумкин. Ҳозирги кунда Президентимиз томонидан фермер ва деҳқонларга кенг имкониятлар яратилмоқда. Масалан, субсидиялар ва имтиёзли кредитлар ҳақида бугун йиғилишда ҳам кўп гапирилди.
Ўзимнинг мисолимда айтадиган бўлсам, хўжалигим узумчиликка ихтисослашган. Паркент туманининг тоғ олди ҳудудларида, лалми ерларда узум етиштираман. Сўнгги икки йилда иқлим ўзгариши, айниқса, бу йилги аномал иссиқ ҳаво ҳосилдорликка таъсир кўрсатди. Бундай шароитда томчилатиб суғориш технологияси бизга катта ёрдам берди. Президентимиз ташаббуси билан ҳар 10 гектар майдон учун битта артезиан қудуқ қазишга рухсат берилгани сув танқислиги муаммосини енгиллаштирди”, дейди “Заркент Гавҳари” фермер хўжалиги раҳбари — Ризаева Гавҳар.
“Эндиликда томчилатиб суғориш тизимининг харажатлари ярмигача субсидия асосида, қолган қисми эса имтиёзли кредит ҳисобидан қопланмоқда. Илгари бундай шароитлар йўқ эди. Ҳозир фермерлар фақат битта экинга таянмай, бир йилда икки-уч марта экин экиб, камида биттасидан яхши ҳосил, бошқаларидан эса қўшимча даромад олиш имкониятига эга бўлишмоқда. Бу — фермерлар фойдасига қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг амалий натижасидир”, дейди яна у.
Конференция якунида фермер хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш, ҳуқуқий ва молиявий қўллаб-қувватлаш, янги технологияларни жорий этиш бўйича аниқ йўналишлар белгилаб олинди.
“Оқ олтин” фермер хўжалиги раҳбари — Музаффар Мамадалиев:
“Бу йил Худога шукр, 28,2 гектар майдонга буғдой экдим. Ҳар гектардан ўртача 85 центнер ҳосил олдим. Натижада жами 90 тонна буғдой етиштириб, 30 тоннасини давлатга топширдим. Қолган қисмини ўз хўжалигим эҳтиёжлари учун ишлатдим: сувчиларим, ер ҳайдовчиларим, барча ходимларимга етказиб бердим. Давлат режасига кўра 30 центнер топшириш белгиланган эди, биз эса режа ортиғини бажардик”.
“Бугун мени “Илғор фермер” кўкрак нишони билан тақдирлашди. Бу рағбат ва эътибор менга янада кучли мотивация беради. Ҳозир хўжалигимда жами 41 гектар ер, 15 нафар ер ҳайдовчи, 6 нафар сувчи ва 1 нафар механизатор ишлайди.
Авваллари сув билан боғлиқ муаммолар бўларди, лекин бу йил насосларимиз яхши ишлади. Буғдой етиштиришда қийинчилик кам, асосан пахтада кўпроқ насосдан сув олишга тўғри келади. Шунингдек, замонавий лазер текислагич технологиясидан фойдаландик, бу жуда яхши натижа берди. Илгари ерларнинг нотекислиги сабабли суғоришда муаммо бўларди, энди эса сув тенг тарқалиб, ҳосилдорлик ошди”.
Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон фермерлари шу тариқа бугун мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ ҳаётининг барқарор келажаги йўлида асосий таянч кучига айланмоқда. Уларнинг машаққатли меҳнатлари ва давлат кўмагининг уйғунлиги — далаларда мўл-кўл ҳосилни, дастурхонларимизнинг эса тўкинлигини таъминлайди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/5PFgpV60p4o?si=tQZZLwsaH2O9mS4S" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, Д.Якубов, ЎзА