Фермерлик ҳаракати бошланган дастлабки йилларданоқ ўз фермер хўжалигимни ташкил қилдим. Ўша йилларда фақат пахта етиштириш билан шуғулланган бўлсам, йиллар ўтгани сайин фаолиятимиз кенгайиб, кўп тармоқли фермер хўжалигига айландик.
Фермерларга берилган имтиёз ва яратилган имкониятлардан фойдаланиб, хўжалигимиз учун керак бўладиган зарур техникаларни имтиёзли кредит асосида харид қилдик. Ҳосилдорликнинг йил сайин ортиб боришида мазкур техникалардан унумли фойдаланганимиз қўл келмоқда.
Ҳозирда мавжуд 66,2 гектар майдоннинг 36,5 гектарида пахта, 29,7 ғалла етиштирилмоқда. Хўжаликда 30 киши иш билан таъминланган. Уларга иш хақидан ташқари олинган даромад ҳисобидан 1-1,5 тоннадан буғдой берилади. Жорий йилда маҳалладаги кам таъминланган ва “Аёллар дафтари”га киритилган хотин- қизларга 1-1,2 тоннадан буғдой тарқатдик.
Хўжаликни ташкил қилганимизда, келгусида уни янада кенгайтириш, кўп тармоқли фермер хўжалиги сифатида маҳсулотни қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилиш, хизматлар кўрсатишни мақсад қилганмиз. Шу орзу ортидан ҳозирда ғалла ва пахта парваришлаб, қорамол ва қўйчиликни ривожлантириб, йилига ўртача 130-150 миллион сўм даромад олаяпмиз. Келгусида хўжалигимизнинг ҳар бир тармоғини ривожлантириш орқали даромадимизни янада ошириш имконияти мавжуд. Бу бизнинг “қўлимизни узун” қилади.
Кутилаётган юқори даромад эвазига ижтимоий соҳанинг ривожига ўз ҳиссамизни қўшиш, жумладан, қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Бир неча йиллик даромад ҳисобидан олинган “Алтай”, “МТЗ-80”, “ТТЗ-8010” тракторлари, тиркамалар, “Кир-1.5” ўт ўриш мосламалари билан техника базамизни кенгайтириб олганмиз, қўшни фермерларга ҳам кўмакка боряпмиз. Қўшимча тармоқлар очиб, қишлоққа саноат олиб киряпмиз.
Ижтимоий тармоқларда косаси оқармаган ўзбек фермери мазмунида мақола эълон қилинди. Қизиқ, аввал келинг, фермерлар билан суҳбатлашинг, шароити, муаммо ва камчилигини ичдан ўрганинг. Аниқ айта оламан, ернинг тилини билмаган, соҳани тушунмаган одам ўттиз йил эмас, эллик йилда ҳам аравани торта олмайди. Аммо ҳақиқий фермер қўша-қўша машина оляпти, тўй қиляпти, керак бўлса, бошқа соҳаларнинг ҳам ривожланишига ҳисса қўшмоқда. Ўнлаб, юзлаб маҳалладошларнинг оғирини енгил қилаётган, бандлигини таъминлаётганлар бор.
Ўзимдан қиёс, маҳалламиздаги қанчадан-қанча оилаларни иш билан таъминлаш, кам таъминланган инсонларга хайриялар қилишда фаол иштирок этяпмиз. Шунингдек, “Ёшлар дафтари”га киритилган маҳалламиз ёшларига ғалладан бўшаган ер майдонларидан 0.2 дан 1 гектаргача ерни такрорий экин етиштириш учун ажратиб бердик.
Эътироф этиш керакки, тизим сўнгги йилларда анча ислоҳ қилинди. Хусусан, аввал биздан фақат пахта ва ғалла сўраларди. Натижада бундан фермер ҳам, давлат ҳам ютқазди. Ҳозирги вақтда чорвачилик соҳасини ривожлантириш орқали миллионлаб даромад кўрмоқдамиз. Биргина чорвачиликни ривожлантириш ҳисобига маҳалламдаги “Ёшлар дафтари”да турган 6 нафар ёшни иш билан таъминладик. Кунига 100 литргача сут соғилиши ҳисобидан бу йилга 150 миллион сўм фойдани мўлжаллаб турибмиз.
Гапнинг дангалини айтай, ялқов, ишёқмас одамга ер вафо қилмайди. Ҳисоб-китобини йўқотган, банк айланмасини тушунмайдиган, эскича ишлайман, деган фермер албатта, нолийди. Чунки унинг иши юришмайди. Шунчаки ерни олиб қўйган, куним ўтса қабилида ишлайди. Вақт бундайларни ҳам кўрсатяпти. Ер ҳақиқий эгасига қайтариляпти. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Мен бир оддий фермерга давлатимиз имтиёзлар бермаганида юқоридаги санаб ўтилган ютуқларимдан бирортасини амалга ошира олмаган бўлар эдим. Ҳар хил гапларга учмасдан, бизга берилган имкониятлардан фойдаланиб, ўз ишимизни қилганимиз дуруст, деб айтаман деҳқонларимизга.
Бобошер Хамраев,
Пахтачи туманидаги “Ойнусха Абдулла Усмон Хамро” фермер хўжалиги раҳбари.