Мамлакатимизда сўнгги йилларда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилмоқда.
Айнан шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 июндаги Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузуридаги “Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан Жамғарманинг асосий фаолият ва йўналишлари белгилаб берилган.
Бугунги кунда Жамғарма томонидан фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги кооперативлари молиявий қўллаб-қувватланмоқда. Бундан ташқари, кредит ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш, соҳада инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, янги турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни рағбатлантириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида янги самарали технологияларни жорий қилишга ҳам кўмаклашилмоқда.

Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари фермер хўжаликлари ва улар билан ҳамкорликда ишлайдиган деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига:
боғдорчилик ва узумчилик ташкил этиш, иссиқхона қуриш, қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда асбоб-ускуналарини харид қилиш, уларни жойлаштириш учун бино ва иншоотлар қуриш, кўчма музлаткичларни ўрнатиш, агрологистика марказларини ташкил этиш, “in-vitro” ва бошқа лабораториялар, совитиш омборхоналарини ташкил этиш учун 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача (бунда кредитлар йиллик Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада – 17,5%);
чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик ва паррандачилик, биогумус ишлаб чиқариш, агротуризм лойиҳалари, сув чиқариш учун тежамкор насос агрегатлари харид қилиш, қишлоқ хўжалиги мақсадларида қуёш панелларини ўрнатиш, артезиан қудуқларини қазиш, ёмғирлатиб суғориш тизимини ўрнатиш ва дала дўконларини қуриш учун
1 йилгача имтиёзли давр билан 4 йил муддатга;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш, халқаро сертификатлар олиш, “ўсимликлар клиникаси” фаолияти ҳамда қишлоқ хўжалигининг бошқа йўналишлари учун айланма маблағларга талабгорларга 6 ой имтиёзли давр билан 18 ой муддатга (бунда кредитлар йиллик Марказий банкнинг асосий ставкасида – 13,5%) кредитлар ажратилиб келинмоқда.

2024 йил давомида Жамғарма томонидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳамда “Томорқа хизмати” МЧЖларни молиявий жиҳатдан қўллаб қувватлаш учун жами 493,6 миллиард сўм пул маблағлари ажратилган. Шундан 395,6 миллиард сўми томорқа ер эгаларига, 5,5 миллиард сўми фермер, деҳқон хўжаликлари, ишлаб чиқариш кооперативлари, оилавий корхона ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига, 36,6 миллиард сўми “Томорқа хизмати” ва бошқа масъулияти чекланган жамиятларга (МЧЖларга) кредит ва устав фондига улуш сифатида, 49,4 миллиард сўми артезиан қудуқлар учун субсидия маблағларига ажратилган.
Ушбу кўрсаткичлар жорий йилда фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига 11 миллиард 512 миллион сўм имтиёзли кредит, “Томорқа хизмати” МЧЖларга улуш сифатида устав фондларига 300 миллион сўм маблағ, Хитой усулида қурилган ихчам иссиқхона, минитрактор ва техникаларни лизинг асосида олиш истагидаги талабгорларга 2 миллиард 300 миллион сўм лизинг ва сув ресурслари кам бўлган ҳудудларда артезиан қудуқлар қазиш учун 19 миллиард 974 миллион сўм субсидия ажратилган.
Албатта, мақсадимиз юртимизда фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарини моддий қўллаб-қувватлаш ва бу орқали хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантиришдир.
Салоҳиддин Усмонов,
Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси мутахассиси.
ЎзА