
Сифатли пахта хом-ашёсини етиштириш осон юмуш эмас. Буни айниқса, йиллар давомида деҳқончилик қилиб келаётган фермерлар яхши билади.
Ерга чигит қадалиб, унинг ўсиб чиқишидан тортиб етилгунига қадар тинимсиз меҳнат, кунни тунга, тунни кунга улаш талаб этилади. Об-ҳавонинг инжиқлиги, табиатнинг кутилмаган ҳодисалари эса бу масъулиятини янада оширади.
Ана шундай даврда ҳар бир маслаҳат, ҳар бир илиқ фикр деҳқону, фермерларимизга куч-қувват беради.
Ўзбекистон фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов Наманган вилоятида пахтакорлар билан учрашди.
Президент Шавкат Мирзиёев 27 июль куни пахтачиликдаги долзарб вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказган эди. Йиғилишда бугунги иқлим шароитида ғўзани парваришлаш ва ҳосилдорликни таъминлаш бўйича тавсия ва кўрсатмалар айтиб ўтилди. Уларни барча ҳудудларда амалга ошириш бўйича “долзарб 30 кунлик” эълон қилинди.
Бугунги кунда фермер хўжаликларида олиб борилаётган ишлар пахта етиштиришдаги “долзарб 30 кунлик” бўйича белгиланган режали ишлар бўйича кетиши муҳимлиги таъкидланди.
Учрашувда Уйчи туманидаги 70 дан зиёд фермер хўжалигининг ҳолати ҳам муҳокама қилинди. Қайд этиш керакки, Наманган вилояти Уйчи туманида 155 та фермер хўжалиги пахта етиштириш билан шуғулланмоқда. Улар 2022 йил ҳосили учун 5869 гектар майдонга чигит экиб, ушбу майдонлардан 40,5 центнердан 23769 тонна пахта хом-ашёси етиштиришни мўлжалламоқда.
Мулоқотда пахта нархининг ошгани эса меҳнатга яраша рағбатлантиришда қўл келиши алоҳида қайд этилди. Ўтган йилларда 1 килограмм пахта хом-ашёсининг нархи 7 100 бўлган бўлса, жорий йилда 10 025 сўмга ошганлиги фермер хўжаликлари манфаатдорлигини оширади.
Хабарингиз бор, Ўзбекистонда етиштирилган 1 тонна пахта хомашёсининг минимал нархлари маълум қилинди. Унга кўра, ўрта тола навли пахта хомашёси минимал нархи ҚҚС билан бирга 10 025 минг сўмни, 1 тонна ингичка тола навли пахта хомашёси минимал нархи ҚҚС билан бирга 15 120 минг сўмни ташкил этди.
Тавсия этилаётган минимал нархдан келиб чиққан ҳолда пахта хомашёсини етиштирувчи ва уни қабул қилувчи субъектлар шартномавий муносабатлар доирасида пахта хомашёси нархларини ўзаро манфаатли келишув асосида мустақил равишда белгилайди.
Актам Хаитов “Улуғбек” ММТП ҳудудидаги учрашувда фермер хўжаликлари томонидан етиштирилаётган пахта хом ашёсига агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш тўғрисида мутахассислар, фермер хўжаликлари раҳбарлари учун керакли тавсияларни ўртоқлашди.
Мулоқот сўнгида Уйчи туманида 2023 йил ҳосили учун 176 та фермер хўжаликлари томонидан 6295 гектар ғалла экиш режалаштирилгани хусусида ҳам суҳбатлашди. Мазкур майдонларда етиштирилган 19394 тонна донни давлатга сотиш, шундан 2240 тонна уруғ дон, 17154 тонна товардон сотиш кўзда тутилган.
Икром Аввалбоев, ЎзА