Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқачиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади. Шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида ҳамда судларда ишларни кўриб чиқишда фермерлар манфаатларини ҳимоя қилиб, иштирок этади.
Бунда эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Риштон туман бўлимига “Ҳасан-Ҳусан ҳосилдор ери” фермер хўжалигидан шикоят келиб тушди.
Ўрганишлар жараёнида фермер хўжалиги манфаати ҳимоя қилиниб, киритилган даъвога асосан ғалла кластерининг фермер хўжалигининг ҳисобрақамига қарздорлик учун қўйилган электрон инкасса тўлов талабномаси суд орқали бекор қилинди. Тумандаги ғаллачилик кластери томонидан 2022-2023 йил ғалла ҳосили бўйича “Ҳасан- Ҳусан ҳосилдор ери” фермер хўжалигининг банк ҳисоб рақамига 60 миллион сўм қарз ва топширилмаган ғалла учун кластер томонидан қўлланилган 12 миллион сўм жарима ноқонуний равишда қўйилган бўлиб, фермерга жами бўлиб 72 миллион сўм электрон инкасса қўйилган.
Кенгаш аралашуви билан Иқтисодий судга даъво ариза киритилиб суднинг ҳал қилув қарори асосида бу талаб ноқонуний деб топилди ва “Ҳасан-Ҳусан ҳосилдор ери” фермер хўжалигининг ҳуқуқлари тикланди.
Мазкур қарордан жавобгар “Ш.Х” МЧЖ кластери норози бўлиб киритган шикоят вилоят судлов ҳайъатида кўрилди ва суднинг қарори ўз кучида қолдирилди. “Ҳасан- Ҳусан хосилдор ери” фермер хўжалигининг банк ҳисобрақамидан инкасса олиниб, фермерга пул маблағларидан эркин фойдаланиш имкони берилди.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши кенгашга аъзо ҳисобланган тадбиркорлик субъекти бўлган фермер, деҳқон хўжаликларига нисбатан қўзғатилган ҳар бир жиноят иши бўйича тергов ҳамда суд жараёнида тегишли мансабдор шахс жиноят иши материалларини иш юритувига қабул қилган вақтдан бошлаб тадбиркорни ҳимоя қилишда жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА