Андижон шаҳридаги мономарказда “Ишбилармон аёл – 2024” кўрик-танловининг республика-ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Танловнинг очилишида сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одинахон Отахонова, Умидахон Зокирова, партия вилоят Кенгаши раиси Ўктамжон Ахунов ва бошқалар Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, сиёсий жараёнлар мазмун-моҳиятини тарғиб этиб келаётганини таъкидлади. Шунингдек, юртимиз иқтисодиётини юксалтириш, кичик ва хусусий бизнесни ривожланишида фаол иштирок этаётган тадбиркор хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ватанимиз равнақи йўлидаги фаол иштирокини рағбатлантириш, замонавий тадбиркор аёл қиёфасини яратишда муҳим аҳамият касб этаётганлиги, кўплаб тадбиркор хотин-қизларни юзага чиқаришга хизмат қилаётганлигини қайд этиб, танлов иштирокчиларига омад тилашди.
Мамлакатимиздаги муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловлар олдидан ЎзЛиДеПнинг “Ваъда эмас натижа, эртага эмас бугун”, “Эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиорлари остидаги сайловолди тарғибот тадбирлари доирасида ўтказилган танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар ишбилармон аёл иштирок этди.
Кўрик-танлов доирасида вилоятда фаолият юритаётган ҳунарманд, фермер ва тадбиркор аёллар раҳбарлигида ишлаб чиқарилаётган, тайёрланаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов иштирокчиларининг фаолияти бўйича тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилди. Баҳолаш жараёнида уларнинг янги иш ўринлари яратиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳияти, ишловчилар, айниқса, ижтимоий муҳофазага муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Якуний натижаларга кўра, белгиланган шартлар асосида энг юқори баҳо олган Асака туманидаги “Мўйдинова Одинахон” фермер хўжалиги раҳбари Одинахон Мўйдинова ғолиб деб топилди.
– Мен каби кўплаб тадбиркор, фермер опа-сингилларимизга рағбат бераётган ушбу танловда ғолиб бўлганлигимдан беҳад мамнунман, – дейди танлов ғолибаси О.Мўйдинова. – Кўп тармоқли хўжалигимизда асосан аёллар меҳнат қилади. Фаолиятимда ҳудудимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизга кўмаклашиш, уларни доимий даромад манбаини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратаман. Бу эришаётган ютуқларимизда муҳим омил бўлмоқда.
[gallery-19971]
Танловда иккинчи ўрин Олтинкўл туманидаги “Кўҳна водий гавҳари” фермер хўжалиги раҳбари Умидахон Эгамовага, учинчи ўрин эса Булоқбоши туманидаги “Ширмонбулоқ фахри” фермер хўжалиги раҳбари Муборакхон Исроиловага насиб этди.
Ғолиблар турли номинациялар бўйича диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари