«Марказий Осиё мамлакатлари университетларининг экстеншн марказлари минтақавий тармоғида тажриба алмашинуви ва агробизнес ҳамда қишлоқ хўжалигини юритиш амалиётида аёл-фермерларни билим ва кўникмаларини яхшилаш» лойиҳаси доирасида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Унда Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот ташкилотлари ассоциацияси (CACAARI) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (IWMI), биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA), Бутунжаҳон сабзавотчилик маркази (World Veg), Тошкент давлат аграр университети вакиллари ва Сурхондарё вилояти фаолият юритаётган фермер хотин-қизлар иштирок этди.
Қишлоқ хўжалиги ва агробизнес амалиётида мулкдор хотин-қизлар учун нималарни билиш ва ўрганиш муҳимлиги, фермерлар хўжалигини юритиш ва агробизнес амалиётида қўлланилишини яхшилаш борасида фермер аёлларнинг малака ва билимлари оширилди.
Дуккакли экинларни етиштиришнинг инновацион технологиялари, қишлоқ хўжалиги ўсимликларини ҳимоя қилишда инновацион технологияларни қўллаш, Ўзбекистонда бошоқли дон экинларини етиштиришнинг инновацион технологиялари, сабзавот экинларини вегетатив пайвандлашнинг замонавий усуллари каби мавзудаги маърузалар кенг муҳокама қилинди.
Семинар-тренинг якунида фаол иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
З. Мирзабоева, ЎзА