Қонун ва ижро
Ўзбекистонда фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини яратиш, фазовий маълумотлардан фойдаланиш иқтисодий, ижтимоий ва экологик нуқтаи назардан истиқболли бўлиб, бу инвестицион муҳитни мустаҳкамлаш, очиқ фазовий ва бошқа маълумотлардан эркин фойдаланиш орқали барқарор ривожланиш ва табиатни муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 23 июлдаги “Фазовий маълумотлар тўғрисида” ги қонуни ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этаётир. Ушбу қонун 5 боб, 25 моддадан иборат бўлиб, фазовий маълумотларни яратиш, қайта ишлаш ва ривожлантириш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш нормаларини белгилайди.
Фазовий маълумотлар – фазовий объектлар тўғрисидаги, уларнинг жойлашуви, шакли, хоссалари хақидаги маълумотларни ўз ичига олади. Яъни, навигация хариталари, геопорталлар, интернет веб-сервисларнинг маълумотлар базаси фазовий маълумотлардан ташкил топади. Бунда, аэро ва космик суратлар, дронлардан олинган маълумотлар, хариталарда кўрсатилган ер, бино-иншоот, йўллар, дарёлар, қувурлар ва улар тўғрисидаги қўшимча маълумотлар фазовий маълумотларнинг таркибий қисми ҳисобланади. Ҳар қандай фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси географик маълумотларни бир марта йиғиш ва барча фуқаролар томонидан турли иловаларда бир неча марта қайта фойдаланиш имконини беради. Умуман олганда, фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси ҳукумат фаолиятининг шаффофлигини ошириш ва жамоатчилик иштирокини кучайтириш учун электрон ҳукумат ва очиқ ҳукумат ҳаракатининг муҳим элементи сифатида қаралиши мумкин.
Бугунги кунда иқтисодиётнинг барча соҳаларида рақамлаштириш ва инновацион ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиб географик ахборот тизимлари ва веб-порталлар шакллантирилмоқда, улар ёрдамида аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. Кадастр агентлиги томонидан юритилаётган Миллий географик ахборот тизими геопорталига ҳам 17 та вазирлик ва идоралар масъул бўлган Давлат кадастрлари маълумотлари ва Агентлик томонидан яратилган харита ва ортофотопланлар киритилган. Ушбу ахборот тизими орқали 8 та вазирлик ўртасида автоматлаштирилган маълумот алмашинуви йўлга қўйилган.
Ҳаётимизда ҳар куни фойдаланадиган Yandex ёки Google хариталардан фойдаланиш ҳам фазовий маълумотлардан фойдаланишнинг бир тури ҳисобланади. Бунда, мобиль иловадан керакли бўлган объект тўғрисидаги маълумотни кўриш, турган жойимиздан бормоқчи бўлган жойимизни геолакациясини (координаталарини) бериш орқали дастурда юкланган харитада харакат йўналиши, масофаси, вақти ва бошқа маълумотларнинг кўрсатилиши фазовий маълумотларга боғланган ҳолда амалга оширилади.
Қонун ижросини таъминлаш мақсадида “Фазовий маълумотларнинг миллий инфратузилмасини юритиш тартиби тўғрисидаги низом” ва “Фазовий маълумотларнинг миллий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш тўғрисидаги низом” лойиҳалари, шунингдек, Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди. Хорижий давлатларнинг тажрибаларини ўрганган ҳолда 2022-2024 йилларга мўлжалланган Давлат дастури қабул қилинди. Фазовий маълумотлар бўйича стандартлар ишлаб чиқиш Техник қўмитаси ташкил этилиб, Кореянинг LX корпорацияси ва МетаГИС компанияси билан ҳамкорликда учта стандарт ишлаб чиқилди ҳамда Фазовий маълумотлар стандартлари геопортали яратилди. Шунингдек, фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг геопорталлари тармоғи концепцияси қабул қилинди ва геопорталлар тармоғи яратилди.
Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси геопорталини картографик асос билан таъминлаш мақсадида республикамиз ҳудудидаги 108 та шаҳар ва туман марказларининг 1:2 000 масштабдаги 5830 та топографик режалари, 143 та туманнинг 1:10000 масштабдаги 5531 та қишлоқ хўжалик хариталари, республика ҳудудининг 1:25 000 масштабдаги 4534 та ва 1:200 000 масштабдаги 112 та топографик хариталари рақамлаштирилди. Корея Республикасидан мамлакатимиз ҳудудини тўлиқ қамрайдиган космик суратлар олинди, шунингдек самолёт ёрдамида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг аҳоли пункти ва қишлоқ хўжалиги ер майдонларида аэросуратга олиш ишлари бажарилди. Ушбу материаллардан фойдаланиб топографик ва бошқа мавзули хариталар яратилмоқда ва янгиланмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, қонун билан белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши натижасида ягона координаталар тизимидан ва фазовий маълумотлардан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикасининг ягона фазовий маълумотлар базаси яратилиб, ер ажратиш масалалари ҳамда табиий ресурслар, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа ишлаб чиқариш объектлари ҳисобини юритишнинг шаффоф механизмлари йўлга қўйилмоқда. Шу билан бирга 20 дан ортиқ вазирлик ва идоралар ўртасида автоматлаштирилган ахборот алмашиш тизими йўлга қўйилади ҳамда “Электрон ҳукумат” доирасида давлат органлари хизматларидан фойдаланиш кенгаяди ва фойдаланувчиларга ишончли, долзарб маълумотлар тақдим этилади.
Шунингдек, рақамли технологиялар, интернет ва замонавий ахборот воситалари асосида интерактив давлат хизматларини кўрсатиш, ҳудудларни ривожлантиришда қарорлар қабул қилиш ҳамда фавқуллодда ҳолатларда табиий ресурслар, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа объектлар тўғрисидаги маълумотларни тезкор олиш имконияти яратилади. Натижада ҳудудлар ва тармоқлар кесимида инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга эришилади, бизнесни ривожлантириш ва қолаверса, Ўзбекистоннинг Дуинг-бизнес кўрсаткичлари ўсишига хизмат қилади.
Ихтиёр Эргашев,
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги
Кадастр агентлиги Геодезия, картография ва Ерни масофадан туриб зондлаш бошқармаси бошлиғи.
ЎзА