Файзулла Хўжаев хотирасига бағишланди
Бухоро шаҳридаги Файзулла Хўжаев уй музейида Бухоро давлат университети "Жаҳон тарихи" ва "Бухоро тарихи" кафедралари ташаббуси билан давлат ва жамоат арбоби, бухоронинг суюкли фарзанди Файзулла Хўжаев таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан илмий-назарий анжуман ўтказилди.
Тадбирда Бухоро давлат университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талабалар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
– Президентимиз 2016 йил 4 ноябрь куни Бухоро вилояти фаоллари билан бўлган учрашувда шу заминда туғилиб вояга етган миллат фидойиси Файзулла Хўжаевнинг табаррук номини эҳтиром билан тилга олиб, бу инсонга муносиб тарзда унинг ҳурматини жойига қўйиш ва хотирасини эъзозлашга барчани даъват этган эди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро шаҳар бўлинмаси раҳбари "Маърифат" тарғиботчилар жамияти аъзоси Азиз Ҳакимов. – Мустақиллик йилларида Файзулла Хўжаев хотирасининг муносиб тарзда ёд этилиши, уни илмий меросининг ўрганилиши муҳим тарихий воқеадир. Файзулла Хўжаев бугунги мустақил Ўзбекистон Республикаси, халқнинг бахту-саодати, истиқболи учун ўша алғов-далғов йилларда машаққатли йўлни босиб ўтган давлат арбоби ҳисобланади.
– Мустақиллик шарофати билан Файзулла Хўжаев шахси ва фаолияти ҳамда илмий меросини атрофлича ўрганиш имконияти яратилди, – дейди Бухоро давлат университети жаҳон тарихи кафедраси мудири, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Ойбек Рашидов. – Ўзбекистонда мустақиллик учун курашлар тарихини миллат қаҳрамонларининг фаолияти, ибратли ҳаёт йўлларидан айри ҳолда тасаввур этиш ва ўрганиш мушкул.
Ушбу беназир инсоннинг ташаббуси билан 1930 йили Бухоро педагогика институти очилган. Институтга 1967 йили Файзулла Хўжаев номи берилган. 1992 йилда эса Бухоро Давлат университети мақоми берилган. Ҳозирда университет биносининг кириш қисмида арбоб бюсти қўйилган. Юртимиз истиқлоли йўлида жонини фидо қилган Файзулла Хўжаевнинг ҳаёт йўли ва толмас иродаси ёшларни ватанни севишга ва уни қадрлашга чорлайди.
Анжуманда бир гуруҳ "Маърифат" тарғиботчилар жамияти аъзолари Бухоро шаҳар Маънавият ва маърифат кенгаши томонидан ташаккурнома ва китоблар билан тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА