Тошкент вилояти Пискент тумани "Файзобод" маҳалласи аҳолисининг узоқ йиллик орзуси амалга ошди.
Ҳудудда янги мактабгача таълим муассасаси барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Маҳаллада жами 430 нафар боғча ёшидаги болалар бўлиб, янги муассаса уларнинг 120 нафарини мактабгача таълимга қамраб олади. Замонавий, шинам ва ёруғ бинода болажонларнинг таълим-тарбия олишлари учун барча шароит яратилган. Олис ҳудудда табиий газ босими пастроқбўлгани боис барча машғулот хоналари ва ётоқхоналарга иситувчи тўшамалар (иссиқ пол) солинган.

Боғчанинг очилиши маросимида туман ҳокими Раҳимжон Рихсиев маҳалла нуронийлари, уй бекалари билан дилдан суҳбатлашди. Нуронийлар янги боғча фойдаланишга топширилиши муносабати билан туман раҳбарларига миннатдорлик билдирди. Шу билан бирга, ўзларини қийнаган муаммолар билан мурожаат қилди. Ҳудудни янада обод қилишда яна қайси масалаларга аҳамият бериш кераклиги тўғрисида фикр алмашилди. Отахонлар эл-юртга тинчлик, фаровонлик тилаб дуо қилди.

– Ҳудудда болаларни боғчага қамраб олиш учун саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда, – дейди туман ҳокими ўринбосари Сарвар Ҳамдамов. – Бу маҳаллада 50 ўринли давлат-хусусий шерикчилик асосидаги боғча, 120 ўринли давлат муассасаси фаолият бошлади. Шунингдек, Қашқадарё қишлоғида ҳам давлат-хусусий шерикчилик асосида 90 ўринли яна бир боғча қурилмоқда. Бунда аҳоли эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, зарур шароит яратишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Жойларда олиб борилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларининг барчаси халқимиз фаровонлиги, фарзандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай ўсиб-улғайиши учундир.


А. Мусаев, ЎзА.