Фахрийларга кўкрак нишонлари топширилди
Инсон қадрини улуғлаш, кексаларнинг ҳаёт даражасини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар марказида туради.
Ўзбекистонда умрини ҳалол меҳнат, фарзанд тарбиясига бағишлаган, эл-юрт корига яраб яшаётган ҳар бир инсон ардоқда.


Жамиятда нуроний отахон ва онахонларнинг оила ва маҳаллаларда тинчлик, осойишталикни таъминлаш, ёшларни халқнинг кўп асрлик анъаналари руҳида тарбиялашда хизмати катта. Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 14 июлдаги қарори билан кўп йиллар давомида жамиятнинг турли соҳаларида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимиз, шунингдек, ҳаётини фарзандларига бағишлаб, уларни она ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаб келган отахону онахонлар “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланиб келмоқда.


Фарғона вилоятида ҳам 430 минг нафар меҳнат фахрийси бор. Тўкин дастурхон атрофига йиғилган отахон ва онахонларга давлат раҳбарининг меҳр ва эътибори етказилди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Аҳмедов 82 нафар фахрийга I, II, ва III даражали “Меҳнат
фахрийси” кўкрак нишонларини топширди.
– Биз бу каби ғамхўрлик учун Ўзбекистон Президентидан чексиз миннатдормиз, – дейди кўкрак нишони соҳиби Машрабжон Хурбоев. – Бор билим, тажриба ва кучимизни Ватан равнақи учун сарфлаймиз.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА