Фахрийлар – ўз даврининг қаҳрамонлари
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши томонидан Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан “Фахрийлар – фахримиз, улар ўз даврининг қаҳрамонлари” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.
Тизимда меҳнат қилиб, бугунги кунда ҳам ёш авлод камолотига муносиб ҳисса қўшиб келаётган касаба уюшма фахрийлари иштирок этган тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида касаба уюшмаларининг ўрни ва роли ҳақида тўхталди. Бу ўзгаришларни халқаро ҳамжамият вакиллари ва экспертлар ҳам эътироф этаётганини таъкидлашди.


Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ва туб ижобий ўзгаришлар жараёнида энг йирик жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, ижтимоий шериклик ва мулоқот тамойиллари асосида ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.


Учрашув доирасида касаба уюшмалари фахрийлари ўртасида спортнинг шахмат ва шашка турларидан мусобақалар ташкил этилди.
Тадбир сўнггида касаба уюшмалари тарихида ўзига хос ўрин тутган ва соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ фидоий касаба уюшма фахрийларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири