Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ташаббуси билан дахлдор ташкилот масъуллари иштирокида “Сел-тошқин ва ер кўчкиси ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилиш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда бошқарма бошлиғи полковник Ф.Мирзаев ва соҳага дахлдор масъуллар иштирок этиб, юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсиз вазиятларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган профилактик тадбирлар тўғрисида атрофлича маълумотлар берди.
Хусусан, вилоятнинг геологик ва гидрометеорологик хавфли ҳудудларида (Шаҳрисабз, Деҳқонобод, Қамаши, Китоб, Ғузор, Яккабоғ ва Чироқчи) вақтинчалик кўчирилган аҳолининг доимий яшаш жойларига алоҳида кўрсатма бўлмагунча қайтиб келиш ҳолатларининг олдини олиш ва транспорт воситаларининг хавфли ҳудудларга ўтишига қатъиян йўл қўймаслик, хавфли ҳудудларда фуқароларнинг сайр қилишининг олдини олиш юзасидан 15 та “Назорат-кузатув постлари” ташкил этилган.
[gallery-22019]
Ташкил этилган назорат-кузатув постларига республикадаги мобил алоқа компаниялари томонидан вақтинча фойдаланиш учун ҳар ойда 700 дақиқа миқдорида вақт бериладиган имтиёзли мобил алоқа воситалари (сим карта) билан таъминланган.
Дўлли жараёнларга таъсир кўрсатиш ишларини олиб бориш ва қишлоқ хўжалиги экинларини дўл уришидан самарали ҳимоя қилишни ўз вақтида ва белгиланган муддатларда бошлаш учун 166 дона “Алазан-6” дўлга қарши маҳсулотлари ҳудудий таъсир кўрсатиш пунктларига тақсимлаб чиқилиб, мавсум охирига қадар кучайтирилган режимда навбатчилик жорий қилинди.
Тадбир давомида ОАВ вакиллари мавзу доирасида мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов, (сурат), ЎзА мухбирлари