Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 25 ёшда
Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига қарашли Чирчиқ шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлимида 4 март – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил топган кун муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.
Мазкур байрам тадбирида Чирчиқ шаҳар ҳокими Санжар Юсупов, Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Равшан Дастиров, Чирчиқ шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими масъул ходимлари, ҳарбий хизматчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда табрик учун сўз олган Чирчиқ шаҳар ҳокими соҳа ходимларини - қутқарувчиларни самимий муборакбод этиб, мамлакатимиз тинчлиги ва хотиржамлиги, осойишталиги йўлида доимо сергак ва шай турган жасур ва мард қутқарувчиларни касб байрамлари билан табриклади. Ўз ўрнида бундай эътироф учун Чирчиқ шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи, майор Шаҳбоз Муҳамеджанов ҳам Чирчиқ шаҳар ҳокимлигига миннатдорлик билдириб, ФВВ тизимида меҳнат қилаётган барча соҳа вакилларини байрам билан қутлади. Шунингдек, Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси таркибидаги Чирчиқ шаҳар Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув маркази бошлиғи Ҳусниддин Аглаев ҳамда ушбу ўқув маркази катта ўқитувчиси Нуриддин Абдуллаевлар ҳам касб байрами муносабати билан йиғилган иштирокчиларни самимий қутлашди.
Тадбир сўнггида Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги томонидан Фавқулодда вазиятлар бўлимининг бир қатор мутахассислари фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан мукафотланишди.
Тадбир доирасида ёш авлодни ватанпарварлик ва фидойилик руҳида тарбиялаш, ушбу соҳага бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида мактаб ўқувчилари ҳамда бир гуруҳ уюшмаган ёшларга фавқулодда вазиятларга қарши чора-тадбирларни тезкор ва самарали амалга ошириш учун энг илғор асбоб-ускуналар, махсус транспорт ва техникалар, қутқарув автомашиналари яқиндан таништирилди.