Фавқулодда вазиятлар профилактикаси куни
Сирдарё вилоятида 15 мартдан 15 апрелга қадар ўтказиладиган "Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги" доирасида Фавқулодда вазиятлар профилактикаси куни тадбири уюштирилди.
Вилоятнинг Оқолтин туманида ўтказилган тактик-ўқув машғулотларида Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбари бошчилигидаги соҳа ходимлари иштирок этиб, туман ҳокимлиги ва мавсумни беталофат ўтказишга масъул ташкилотлар ходимларига мавсумни беталофат ўтказиш юзасидан махсус йўриқнома тарқатилди.

Турли хилдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва аҳолини бундай ҳолатларга тайёрлаш, шунингдек, фавқулодда вазиятларга қарши курашишдаги хизматларни такомиллаштириш мақсадида ўтказилган профилактика тадбирлари давомида фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизим хизматларининг мавжуд захиралари, махсус ускуна ва техникаларининг созлиги ҳамда уларнинг техник ҳолати ўрганилди, камчиликларни бартараф этиш учун қўшимча топшириқлар берилди.

Тадбир доирасида туман тиббиёт бирлашмасида тиббиёт ходимлари учун семинар ташкил этилди, уларга фавқулодда вазиятлар вақтида тўғри ва тезкор ҳаракат қилиш усуллари ўргатилди. Махсус-тактик ўқув машқида шартли равишда зилзила содир бўлиб, зудлик билан махсус хизматларга хабар берилди. Беморлар ва бирлашма ходимларини хавфсиз жойларга эвакуация қилиш, кўп сонли жабрланганларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш амалиётлари бажарилди.

Профилактика тадбирлари давомида хонадонлардаги уй хайвонлари орасида қутуриш ва куйдирги касалликларининг олдини олишга йўналтирилган тадбирлар амалга оширилди. 122 та ит ва 56 та йирик шохли моллар профилактик эмланди. Шунингдек, хонадон эгаларига зарурий эслатма материаллари тарқатилиб, уй хайвонларини назоратсиз қолдирмаслик бўйича қатъий огоҳлантиришлар берилди.

Қурилиш соҳасида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда шахарсозлик соҳасида профилактика бўлими ходимлари янги қурилаётган биноларнинг сейсмик бардошлилигини таъминлаш бўйича ишларни назорат қилдилар. Қурилиш ишлари олиб борилаётган масканларда ёнғин ва техника хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилди.
Туман мактабларида "Қутқарувчи ва ёшлар учрашуви" тарзида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида Фавқулодда вазиятлар академияси ва Шаҳрисабз Темурбеклар мактабига ўқишга кириш тартиблари, синов жараёнлари тўғрисидаги маълумотлар берилди. Унда зилзиладан олдин, зилзила вақтида ва зилзиладан кейин тўғри ҳаракатланиш, жабрланганларни қутқариш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш усуллари ўргатилди.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигида ўтказилган ўқув машқларида қутқарувчилар томонидан шартли равишда содир бўлган зилзила оқибатидаги вайроналардан жабрланганларни қидириш ва уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, махсус-тактик ўқув машқида содир бўлган ёнғин бартараф этилди.
Аҳоли хонадонларида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида тумандаги 320 дан ортиқ хонадон қайта ўрганиб чиқилди. 156 та камчилик аниқланиб, уларнинг 119 таси жойида бартараф этилди. Шунингдек, 600 нусхадан ортиқ эслатма материаллари тарқатилди.
Фавқулодда вазиятлар профилактикаси куни тадбири аҳоли ва ташкилотлар орасида хавфсизликни таъминлаш ва фавқулодда вазиятларга тайёргарликни мустаҳкамлашда бир омил бўлди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири