Фавқулодда вазият: ҳамкорликнинг амалий самаралари
Қашқадарё вилоятида ўтган йил хавфли ҳудудларда истиқомат қилувчи, масалан Деҳқонбод, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларидаги жами 17 та хўжалик 103 нафар фуқарога компенсация тўланиб, хавфсиз ҳудудларга кўчирилган. Деҳқонобод, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Китоб ва Чироқчи туманларида сел сув тошқини мавжуд ҳудудларда истиқомат қилиб келаётган 93 та хўжаликни сел сув тошқинидан муҳофаза қилиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, 2022 йил сел тошқин сувларини сув оқимлари бўйлаб барқарор ва хавфсиз ўтказиб юбориш бўйича манзилли дастурга асосан 10 та объектда давлат бюджетидан 11 миллиард 700 миллион сўм маблағ ҳисобига дарё ўзанларини ростлаш, қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилган. 93 та хўжаликнинг хавфсизлиги таъминланган.
Қашқадарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан “Ўта хавфли юқумли касалликларни олдини олиш бўйича вилоят миқёсида олиб борилаётган тадбирлар”, “Сел-тошқин ва ер кўчкиси ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзуларида ўтказилган матбуот анжуманида шулар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланишича, Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматлари бошқаруви органлари ҳамда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда Деҳқонобод, Чироқчи, Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб ва Ғузор туманларида жами 15 марта махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилган. Машғулотлар давомида 5960 метр куб тупроқ ишлари, 3953 метр куб ўзан тозалаш ишлари, 4195 метр куб қум шағал ишлари, 690 метр куб харсанг тош ётқизиш ишлари, 244 метр куб бетон ишлари амалга оширилган.
Вилоят аҳолисини, ижтимоий соҳа ва бошқа объектларни ҳамда экин ер майдонларини қиш ва баҳор мавсумида юзага келиши мумкин бўлган табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ишларини жадаллаштириш, вилоят ҳудудидаги магистраль газ ва ичимлик сув қувурлари юқори кучланишли ҳаво линиялари, автомобиль ва темир йўлларнинг сел келиши мумкин бўлган ҳудудларини ўрганиш мақсадида тегишли идора ва ташкилотлар ходимларидан иборат идоралараро вилоят “Тезкор штаби” ташкил этилган. Штаб рақами (75) 221-15-91.
[gallery-10536]
Хавфли гидрометеорологик ва геологик жараёнлар фаоллашиши мумкин бўлган ҳудудлар, ушбу ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари ва объектлар тўғрисидаги маълумотларни доимий тарзда “Тезкор штабларга” юбориб туриш ва хавфсиз ҳудудларга вақтинча ёки доимий кўчирилган аҳоли ва хўжаликларни хавфли ҳудудларга қайтиб келишининг олдини олиш мақсадида 15 та назорат кузатув постлари ташкил этилган. Бундан ташқари, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўта хавфли юқумли касалликларни олдини олишга қаратилган бир қатор профилактик тадбирлар ҳам амалга оширилмоқда.
Жумладан, ҳудудларда “Овқатдан оммавий захарланиш – ботулизм касаллигини олдини олишда ФВДТ тегишли хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида махсус-тактик ўқув машқлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ҳамкорликдаги кўплаб профилактик тадбирлар ўтказилишига қарамай, ўтган йил давомида овқатдан заҳарланиш “Ботулизм” билан боғлиқ касалликлар 2 та ҳолатда 7 нафар, куйдирги билан 17 нафар, Қрим-Конго геморагик иситма касаллиги билан 11 нафар, қутуриш касаллиги билан 5 нафар фуқаро касалланган ва жойлардаги тиббиёт бирлашмаларига ётқизилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб жорий йилда шаҳар ва туманлар ФВБ, Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимлари ва МФЙ раислари билан ҳамкорликда куйдирги касаллиги ўчоқларини (атрофи ўралганлигини) назорат қилиб бориш ва жойлардаги мутахассислар томонидан ҳар чоракда тупроқ намуналарини олиш, кунлик бозорларда қўлбола усулда тайёрланган, яроқлилик муддати ўтган, сифат сертификатга эга бўлмаган маҳсулотларни мутахассислар кўригидан ўтказиш ва яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни сотувдан чиқариш чораларини кўриш, қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ишларини кучайтириш ва аҳолининг тиббий-санитар билимларини ошириш орқали касалланиш ҳолатларини олдини олиш ва камайтириш ишлари режалаштирилган ва бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.