Журналист суриштируви
- Ҳай ёрейййй,
- Боз-бозғана, бозғана,
- Оғзида чанқовузғина.
- Ака деган товуши,
- Чанқовуздан созғана.
- Ҳейли боради Ойпари...
Қўлига дўмбирасини олиб, унинг симларини зарб билан чертиб, бахши боболаридек виқор ва мароқ билан куйлаётган бу болакай Қашқадарё вилоят Қамаши тумани “Пахтаобод” МФЙга қарашли Лалмикор қишлоғидаги 12-мактаб филиалининг 1-синф ўқувчиси Ботир Боймуродовдир.
Ботир ёш бўлишига қарамай бахшичилик йўналишида вилоят ва республика миқёсида ўтказилган кўплаб танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. У ўқиётган филиал мактабда ўзидан ташқари тўрт нафаргина синфдоши бор. Янгроқ овози бутун қир-адирларни тутган болакай келгусида таниқли бахши бўлишни, сифатли таълим олишни, мактабида ҳам истеъдодини такомиллаштириши учун барча шароит яратилишини орзу қилади...
[gallery-17393]
Гап шундаки, Лалмикор қишлоғида кўпи билан 30 та хонадон истиқомат қилади. Шу боис ўқувчи сони ҳам жуда кам. Болалар бошланғич синфни филиалда тугатгач, 9 километр узоқликдаги асосий мактабга қатнаши керак. Бу эса, айниқса, қиш-қировли кунларда ўқувчиларга ноқулайлик туғдиради.
Қишлоқ аҳолисининг “фарзандларимизнинг асосий мактабга қатнаши учун масъуллардан автобус қўйиб беришини сўраймиз”, деган мазмундаги мурожаатини ўрганиш мақсадида ушбу манзилда бўлдик.
Ҳақиқатда Лалмикор қишлоғи маҳалланинг энг олис қишлоқларидан бири экан. Атрофи қир-адирлик, лалмикор ерлар. Қишлоқда бошланғич синфлар учун мактаб ташкил этилган. Аҳоли сонининг камлиги ҳисобига уч синф ўқувчилари бир синфга жамлаб ўқитилади.
Борганимизда дарс пайти эди. Ўқиш жараёнини кузатиш мақсадида синфхонага кирамиз. Ўқувчилар сони 11 нафар. Уларнинг тўрт нафари биринчи, бир нафари иккинчи, беш нафари учинчи ва бир нафари тўртинчи синф ўқувчиси экан.
– Мактабимиз Пахтаобод маҳалласидаги 12-мактабга қарашли филиал ҳисобланади. Асосий мактабдан 9 километр узоқликда жойлашган, – дейди биз билан суҳбатда бошланғич синф ўқитувчиси Абдукарим Нормуродов. – Қишлоқдан қатнайдиган ўқитувчилар ҳам бор. Уларнинг сони еттита. Ҳафта давомида келиб дарсини ўтиб кетишади. Ота-оналарнинг эътирози ҳам жуда ўринли. Тўртинчи синфни битиргандан кейин асосий мактабга қатнаш қийин бўлиб қоляпти. Кимдир Ғузорда, кимдир Қамашида, яна кимдир асосий мактабда ўқитяпти фарзандларини. 30 нафарга яқин 5-синфдан 11-синфгача бўлган болаларимиз қатнаб ўқийди. 8 та бола бизда рўйхатда бор, умумий 12 нафар ўқувчи ўқийди филиалда. Филиалимиз 60 ўринга мўлжалланган.
Бола сони кам бўлгани боис, ўқувчилар жамланиб, битта синфда ўқитилмоқда. Хўш, бу муаммо ҳақида ота-оналар нима дейди? Уларнинг баъзиларини суҳбатга чорладик.
– Тўрт нафар фарзандим бор. Катталари шу филиалда бошланғич синфни ўқиди, катта синфларни асосий мактабда ўқиди. Устозларга раҳмат, яхши таълим беришди. Мана ҳозир олийгоҳда ўқияпти, – дейди Муяссар Қурбонова. – Икки нафари ҳали мактаб ўқувчиси. Бири филиалда, бири аосий мактабда ўқийди. Йўлда қийналади. Хавотирда ўтирамиз. Гоҳида ит ҳужум қилиши мумкин. Ёлғиз қолиб кетишади. Қиш кунлари жуда қийин. Мутасаддилардан илтимосимиз, биттагина техника қўйиб беришса яхши бўларди.
– Фарзандларим 9 километр масофага қатнаб ўқияпти. Уч нафар фарзандим бор. Йўлнинг узоқлигидан дарсларга вақтида бора олмайди. Йўлларимиз бузуқ, қишда лой, – дейди Камолиддин Аҳмедов. – Бизнинг болаларимиздан ҳам балки олимлар чиқар, балки прокурор чиқар. Бизнинг болаларимиз ҳам Ўзбекистоннинг келажаги эмасми? Болаларим учун жон куйдираман. Битта техника қилиб беришса, яхши бўларди. Имкони борлар бошқа жойларга, қариндошлариникига олиб бориб қўйиб, ўша жойлардаги мактабларга ўқитяпти. Лекин ҳаммада ҳам бундай шароит йўқ.
Ота-оналар фарзандларининг келажагини ўйлаб, жон куйдираётгани рост. Ҳақиқатда филиал билан асосий мактаб ўртасидаги йўл носоз, боз устига кимсасиз. Лалмикор қишлоғига келгунча кенг далалардан ўтиб келишга тўғри келар экан. Филиалдаги ҳолатни ўрганиб, асосий мактабга қайтар эканмиз, бунга гувоҳ бўлдик. Йўлда мактабдан қайтаётган ўқувчиларни учратдик. Пиёда, яёв келаётган ўқувчилар 1,5-2 соатда уйга етиб боришларини, агар машина чиқиб қолса, ундан ҳам тезроқ боришини айтишди.
– Бу ҳудуддан 5-11 синфларда 22 нафар ўқувчи ўқийди, – дейди 12-мактаб директори Назокат Боймирзаева. – Филиалда 12 нафар ўғил-қиз бошланғич синфларда ўқийди. Қолган ўқувчиларни имкони бор ота-оналар бошқа жойларга мактабга қўйган. Аслида 33 нафар ўқувчи бор. Асосий мактабимиз 460 ўринли. 2011 йилда филиалимиз ташкил этилган.
Хўш, Лалмикор қишлоғидан 12-мактабга қатнаб ўқиётган ўқувчилар тақдири нима бўлади? Келгусида уларнинг хавфсиз қатнаши ва сифатли таълим олиши учун бирор-бир ўзгаришлар бўладими? Ушбу ҳолат бўйича масъуллардан изоҳ сўрадик.
– Бу мурожаат бўйича гапирадиган бўлсак, жорий йил 21 февралда 37-сонли Президент фармони чиққан ва унга кўра, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун аутсорсинг асосида бепул автобуслар қўйиш масаласи кўрилган, – дейди Қамаши туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Наргиза Абраева. – Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба-синов тариқасида йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Ҳозир вилоятлардаги олис ҳудудларда жойлашган мактаблар рўйхатлари олиниб, режалари ишлаб чиқилмоқда. Албатта, бунинг низоми ишлаб чиқилади. Низомда кўриб чиқилган тартибга биноан маҳаллий бюджет маблағлари асосида автобуслар қўйилади. Туманимиздан ҳам асосан тоғли ҳудудларимиз киритилмоқда. Низом талабларига тўғри келадиган бўлса, бу мактаб ҳам кириши мумкин.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон - 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонининг 13 бандида “2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба-синов тариқасида умумий ўрта таълим мактабларига олис ҳудудларга қатнайдиган ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилсин”, дейилган ва бу фармон иловасининг 2-мақсадига киритилган.
Шу ўринда яна бир гап. Яқинда ижтимоий тармоқларда бир маълумотни ўқиб қолдим. Унда шундай дейилган.
“Японияда бир йўловчи мактаб ўқувчиси учун темир йўл вокзали уч йил ишлади. Шу давр мобайнида поезд Хоккайдо оролининг Кю-Ширатаки станциясида кунига икки марта-ўқувчи қизалоқ ўқишига бориб-келиши учун тўхтаб турган. Станцияда тўхташ вақтлари қизнинг мактаб жадвалига қараб белгиланган. 2013 йилда темир йўл бошқармаси йўловчи бўлмагани учун вокзални ёпишга қарор қилади. Aммо қизалоқ таълим олишдан тўхтаб қолмаслиги учун ҳар куни ушбу поездда бориш кераклиги маълум бўлгач, маҳаллий ҳокимият бу кимсасиз станция фаолиятини давом эттиришга қарор қилади. Станция ҳар йили таъмирланар, қишда эса платформа қордан тозаланар эди”.
Бу билан Япониядаги таълим тизимини ўзимизники билан қиёсламоқчи эмасман. Аммо олис тоғда бўладими ёки чўлда бўлсин, улғаяётган ҳар бир ўқувчи мамлакатимиз тақдирига дахлдордир ва кун келиб у юртимиз байроғини юксакларга кўтариши мумкин. Бу эса, мамлакатимизда ўсаётган ҳар бир ўқувчини беэътибор қолдирмасликни англатади. Ўйлаймизки, масъуллар ушбу муаммога ижобий ечим топишади, лалмикорлик ўқувчилар ҳам эмин-эркин ва хавотирсиз асосий мактабга қатнаб таълим олишади.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири