Фарзандлар қувончи бизнинг бахтимиздир
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
Навоий вилояти Кармана туман «Дўрман» маҳалласи ҳудудидаги мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари ва маҳалладаги ёшлар ўртасида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Бахтиёр элнинг бахтли фарзандларимиз» номли байрам тадбири ташкил этилди.

Ҳар йили бу сана юртимизда ўзгача руҳда нишонланади. Бу кун яқинлашган сари нафақат болажонлар, балки катта ёшдаги юртдошларимиз ҳам кун санай бошлайди. Ахир турмуш ташвишларига ўралашиб, чарчаган вақтларимизда ҳар биримиз болалигимизга қайтгимиз, унинг ширин ташвишлари ва завқли онларини яна бир бор ҳис қилгимиз келади.

Тадбирда сўз олганлар юртимизда ёш авлод камолоти учун барча шарт-шароитлар яратилаётгани, ҳаттоки энг чекка қишлоқларда ҳам шаҳарлардагидан қолишмайдиган замонавий боғчалар, кўркам мактаблар, маҳаллаларда болалар майдончалари барпо этилаётганини таъкидлади.

Болалар ўртасида спорт, маданият ва санъат йўналишларида турли танлов ва мусобақалар ташкил этилди. Айниқса, бахтли болаликни ўзида акс эттирувчи асфальтга расм чизиш, қўшиқ куйлаш, рақс танловлари барчада ўзгача қизиқиш уйғотди. Қувонарлиси, маҳалладаги мактабгача таълим ташкилотлари томонидан тайёрланган эртак қаҳрамонларининг чиқишлари нафақат жажжи болажонлар, балки ёши улуғ кишилар қалбига ҳам олам-олам қувонч бағишлади.

Дарҳақиқат, оиланинг қувончи фарзанд билан. Ҳар тонг ишга ёхуд сафарга отланар эканмиз, фарзандларимиз бахти ва келажагини ўйлаб, югуриб-еламиз. Уйга қайтганимизда эса уларнинг шодон кулгусини эшитиб, барча чарчоқларни унутамиз. Байрамлар ҳам болалар билан тотли. Уларнинг хурсандчилиги барчамизнинг бахтимиз, уларнинг қувончи бизнинг ҳам қувончимиздир.
Абдували Бўриев, ЎзА