Ўзбекистон ер куррасининг барча давлатлари, фаолият юритаётган глобал ташкилотлар билан ўзаро манфаатли, узоқ муддатли ва ҳар томонлама дўстона шерикликни ривожлантиришга ҳамиша тайёр мамлакат.
Бу фикр БМТнинг навбатдаги 76-сессиясида дунё ҳамжамиятига Президентимиз Ш.М. Мирзиёев томонидан яна бир бор баралла айтилди. Дарҳақиқат қисқа фурсат ичида Ўзбекистон миллий манфаатларини тўлиқ ҳимоя қила оладиган, тенгҳуқуқлик, очиқлик, шаффофлик, холислик ва адолат тамойилларига асосланган ташқи сиёсан билан дунё афкор оммасига танилди.
Мамлакатда яшаётган фуқароларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, иқтисодий ислоҳотлар изчиллиги асносида уларнинг тинч, хотиржам ҳаёт кечиришини таъминлаш устуворлик касб этмоқда.
Инсоният тараққиётига трансмиллий таҳдидлар, иқлимнинг жадал суръатда ўзгариши, оммавий миграция оқимларининг кўпайиши, анъанавий қадриятларнинг завол топиши каби салбий ҳолатлар таъсир кўрсатаётган бир паллада БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмаларининг дунё миқёсидаги мавқеи тобора ортмоқда. Ўзбекистон бу нуфузли ташкилотнинг халқаро муносабатлардаги саъй-ҳаракатларини доимо қўллаб-қувватлайди. Президентимиз таъбири билан айтганда, глобал офатга айланган COVID-2019 пандемияси даврида “ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик, ҳамма учун барча жойда” деган тамойил асосида вакциналардан тенг ва адолатли фойдаланиш имкониятини яратишга доир ёндошувни тўлиқ маъқуллайди. Юртимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, дин ва виждон эркинлиги, гендер тенглик, миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар сабаб Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо қилиб сайлайди. Энг муҳими бу ислоҳотларни янада жадаллаштириш мақсадида Янги Ўзбекистон стратегияси ишлаб чиқилди. Мазкур стратегия фуқаролик жамияти институтлари ролини ошириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, камбағалликни камайтириш, ҳар бир фуқарони кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш, барқарор экологик ривожланишига эришишдек улуғвор мақсадларни ўзида мужассам этади. Асосий мақсад 2030 йилга бориб Ўзбекистонни аҳоли жон бошига даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига қўшишдир.
Нуфузли йиғилишда Президентимиз уч муҳим масалага эътибор қаратди: аввало, Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат, яқин қўшничилик ва стратегик шерикчиликка асосланган мутлақо янги сиёсий муҳитни мустаҳкамлаб, Марказий Осиёни фаровон, барқарор ривожланаётган, ишонч ва дўстлик мақомига айлантириш.
Иккинчиси - энг қийин вазиятда ҳам қўшни Афғонистонни яккалаб, муаммолар гирдобига ташлаб қўймаслик. Президентимиз таъбирича Афғонистонда тинчлик ва осойишталикни ўрнатилишидан нафақат Ўзбекистон, қўшни давлатлару дунё мамлакатлари манфаатдордир. Аслида Президентимиз ташаббуси ва саъй ҳаракати билан ўзбек-афғон чегараси очилиб, уларга озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари, электр энергиясидан кўмак берила бошланди. БМТ ҳузурида Афғонистон бўйича доимий фаолият юритадиган қўмита ташкил этиш таклифини ҳам Президентимиз ўтган йилги БМТ йиғилишида кўтарган эди.
Учинчиси – иқлим ўзгаришларига қарши кураш, атроф-муҳитга доир био хилма-хилликни муҳофаза қилиш масаласида Ўзбекистон дунё давлвтлари билан ҳамкорлик қилишга доимо тайёрлиги. Бу борада жорий йил май ойида БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасининг экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси қабул қилинди. Қисқа фурсат ичида қум ичида Мўйноқ шаҳри қайта пайдо бўлди. БМТнинг 76- сессиясида Юртбошимиз томонидан бир неча таклифлар киритилди: биринчиси- пандемиядан кейинги даврда жаҳон иқтисодиётини қайта тиклаш муаммоларини ўрганиш, камбағалликни камайтириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга тадбиқ этишга бағишланган Халқаро анжуманни Тошкентда ўтказиш.
Иккинчиси – Марказий ва Жанубий Осиёнингўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш.
Учинчиси – БМТ шафелигида глобал экологик муаммоларни муғокама қилиш мақсадида 2023 йилда атроф-муҳит БМТ нинг юқори даражасидаги Олтинчи Ассамблеясини Ўзбекистонда ўтказиш.
Бир сўз билан айтганда, БМТ инсоният турмуш тарзининг туб бурилиши даврида халқаро муносабатларнинг шаффофлиги, самарадорлиги ва ҳамжиҳатлигини таъминловчи етакчи ташкилот ҳисобланади. Янги Уйғониш даври ислоҳотларини изчил руёбга чиқараётган Ўзбекистон мазкур ташкилот билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Зеро бу жипслик жамиятдаги кишиларнинг ҳаёт фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади, шаксиз.
Нодир Ғаффоров,
Комил Зиёдиллаев,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети доцентлари
ЎзА