Ўзбек фильмлари, спектаклларидаги қайси образда ўз онангиз ёхуд бувижонингиз тимсолини кўрасиз, дейилса, шубҳасиз аксарият кишилар “Келинлар қўзғолони” спектакли ва “Суюнчи” фильмларидаги салобатли, аммо ўз ўрнида юморни ҳам акс эттира олувчи она — Зайнаб Садриевани эсга олса, ажаб эмас.

Дарҳақиқат, қалблардан ўрин олиш ўз соҳасига қалбини берган инсонларгагина насиб этадиган ноёб хислатдир.  

Зайнаб Садриева эса ана шундай хислат вакиласи бўла олди. У 1912 йилнинг 25 октябрида Астрахан шаҳрида туғилди. Отаси Садри бобо Астрахандаги ун заводида оддий ишчи бўлиб, онаси фарзанд тарбияси билан шуғулланган. 1916 йилда Астрахандаги ун заводи Тошкент вилоятининг Янгийўл туманига кўчирилгач бўлажак актрисанинг отаси оила аъзолари билан Янгийўлнинг Қовунчи қишлоғига кўчиб келади. Шундай қилиб унинг болалиги ўша қишлоқда — ўзбеклар орасида ўтади. Вояга етгач эса, Тошкентдаги Хотин-қизлар билим юртига ўқишга киради. Техникумда эса Зайнаб Садриева Зулфияхоним билан бирга таҳсил олади. Зулфияхоним адабиётда, Зайнабхоним эса санъатда юлдузга айланди.  

Актриса қалбан ўзбек аёлининг содда ва самимийлигини ўзига шунчалар сингдира олганки, натижада Зайнаб Садриева ўйнаган роллари ўзининг тимсолидан бошқага ярашмайдигандек.  

Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри (Ҳозирги Ўзбек Миллий академик театри) ўтказган кастингда ўн етти ёшли Зайнаб Садриева ҳам қатнашиб, машҳур санъаткорлар эътиборига тушади ва умрини санъат билан боғлашига сабаб бўлади.  

1929 йилда дастлаб ишчи – сайёр труппасида фаолиятини бошлаган актриса умрининг охирига қадар Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри саҳнасида ижод қилди.  

Зайнаб Садриева театрда ишлаб юрган кезлари актёр Обид Ҳасанов билан танишиб, турмуш қуради ҳамда икки ўғил ва икки қизни дунёга келтиради. Афсуски, уларнинг икки ўғли ҳаётдан эрта кўз юмади. Қизлари Розахон Ҳасанова ва Дилбархон Исмоиловалардир. Роза Ҳасанова санъатга дахлдор эмас, лекин Ўзбекистон халқ артисти, кино ва театр, дубляж актрисаси Дилбар Исмоиловани халқимиз яхши танийди.

“Бефон ёзасан”...  

Ўзбекистон халқ артисти Зайнаб Садриева яратган образларнинг ҳеч бири шунчаки саҳнага чиқмади. Ҳар бир характер томошабинлар меҳр-муҳаббатига лойиқ тарзида намойиш этилаверди. Хусусан, жаҳон адабиётининг Ф.Шиллер, М.Диб, А. Островский, М. Горкий каби вакилларининг асарлари қаҳрамонини акс эттирди. “Макр ва Муҳаббат” пьесасида Милдфорд хоним, “Жазоир — менинг ватаним” асарида Зайнаб, “Айбсиз айбдорлар”да Глафира, “Васса Железнова”да Васса Железнова каби бир-бирини такрорламайдиган, образлари билан ўзбек театри ривожига муносиб ҳисса қўшди.  

Турли йиллар-да яратилган Пошшаойим ва Ҳожи она (Ҳамза, “Бой ила хизматчи”), Холниса (А.Қаҳҳор, “Шоҳи сўзана”), Танга бека (М.Карим, “Ой тутилган тунда”), Марина Иванова (Ў.Умарбеков, ”Комиссия”) каби мураккаб ва кучли драматик образлар Зайнаб Садриеванинг маҳоратини кенгайтириб борди.  

1975 йилда эса режиссёр Баҳодир Йўлдошев саҳналаштирган Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон қаҳрамони Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” спектаклида Фармонбиби образини гавдалантирган Зайнаб Садриева ҳақиқий маънода қаҳрамонга айланди ва севимли қиёфаси билан санъат саҳнида ўз муҳрига эга бўлди. Дарҳақиқат, режиссёр Баҳодир Йўлдошев бош қаҳрамон образини танлашда янглишмаган эди. Фармонбибининг биргина радиожурналист келганида у билан қилган мулоқотида “Бефон ёзасан”, деган жумласи унинг бир қарашда фармон беришга уста эканини билдирса, яна бир томондан ўзбек аёлининг самимий характерини акс эттиргани боис томошабинлар қалбини забт этиб келмоқда.  

Кинорежиссёр Мелис Абзаловнинг 1982 йилда суратга олинган “Суюнчи” кинокартинаси эса Зайнаб Садриева учун навбатдаги муваффақият, мухлислар учун янгича завқни тақдим этди. Томошабин Анзират кампирнинг ташвиши, қувончига шерик бўлди. Фильмда онажону бувижонларнинг узоқни кўзлаб, доноларча қарор қабул қилишини режиссёр намойиш эта олди. Картинада сигир тасвирланган ва у ҳақдаги ҳикоя фильм охирида Анзират буви келин қилмоқчи бўлган қиз томонидан ҳам айтилади. Бу биргина ҳайвоннинг заминга, зурриёдига садоқатни акс эттирар экан. Ақли расо инсоннинг эзгулик йўлидаги қуввати ундан-да юқори эканига ишора қилади.  

Балки баъзи инсонлар ҳаёт ташвиши ва тақдир ҳукмларидан ортиб, бировга яхшилик қилиш қийин, деб ҳисоблар. Аммо ўша ҳаёт ташвишларни ҳам ўз соҳасига бўлган меҳр билан енгиб, касбий маҳорати орқали кўнгиллардан жой эгаллаб, савобга қолиш мумкинлигини исботлаши мумкин.  1952 йилда Ўзбекистон халқ артисти, кейинчалик эса Давлат мукофотига сазовар бўлган Зайнаб Садриева 1991 йил Тошкентда вафот этди..У мана шундай сермазмун умрни яшаб ўтган ўзбекнинг чин маънодаги онаси бўла олди.  

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фармонбибининг “бефон” ёзилса-да, юракларда яшаётган овози – Зайнаб Садриева