Фармон ва қарорлар ижроси Адлия назоратида
Қашқадарё вилояти Адлия бошқармасида журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди.
Адлия бошқармаси томонидан Президентимизнинг 2018 йил 18 октябрдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармонига кўра ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маошларини 35 фоизга оширилганлиги юзасидан ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлил қилинган.
Мониторинг натижасига кўра, вилоятда жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида 613 та маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари лавозим маошларига 35 фоиз оширилганлиги ҳисобидан 694 миллион 126 минг сўм тўловлар тўлаб берилмаганлиги аниқланган. Натижада 14 та тақдимнома киритилиб, ушбу маблағлар тўлаттириб берилган.
Ҳудди шундай вилоятдаги касб-ҳунар мактаб ва коллежлар, спорт ҳамда маданият мактабларида Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ижроси (“Спорт тарғиботчиси” лавозимига қўшимча устама тўланиши) таҳлил қилинганда 45 миллион 242 минг сўмлик устама пуллари тўлаб берилмаганлиги аниқланган ва ушбу ҳолат юзасидан жами 57 та тақдимнома ва 7 та даъво аризалари киритилган.

Маълумотларга кўра, 2022 йилнинг уч ойида вилоят адлия бошқармасига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган жами 3016 та мурожаатнинг 2614 таси ҳал этилиб, шундан 1844 таси ёки 61,2 фоизи қаноатлантирилган. 770 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган, шунингдек, бошқарманинг “Ишонч телефони” га келиб тушган 94 та мурожаатнинг 86 таси ҳал этилиб, шундан 33 таси ёки 35,1 фоизи қаноатлантирилган. 53 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган. Бошқарма ва унинг тизимидаги адлия бўлимлари томонидан ҳисобот даврида жами 24 та ўрганиш ва 458 та мониторинглар ўтказилиб, ўрганишлар давомида 1647 та ташкилотлар фаолияти қамраб олинган ва ушбу ўрганиш ва мониторинглар натижасида 27 минг 747 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган.
Шунингдек, анжуманда ФҲДЁ соҳаси, давлат хизматлари кўрсатишда йўл қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатлари, талаб юқори бўлган хизматлар, жорий этилаётган янги хизматлар ва бошқарма томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА.