Фармон тарғиботига бағишланди
Бухорода Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда вилоят Кенгаши депутатлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Бухоро вилояти ходимлари, вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда Президент Фармонида белгиланган фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари бўйича маълумот берилди.
Сўзга чиққанлар фармонда назарда тутилган чора-тадбирлар мазмунига алоҳида тўхталар экан, ушбу Фармон қабул қилинишининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

– Фуқаролик жамияти институтлари замонавий демократик давлатни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади, – дейди “Навқирон Бухоро” гуманитар тадқиқотлар маркази раҳбари Феруз Бафоев. – Улар нафақат турли ижтимоий гуруҳларнинг манфаатларини акс эттиради, балки барқарор ва демократик жамият шаклланишига ҳам ёрдам беради. Шу нуқтаи назардан, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишларини аниқлаш уларнинг мамлакат ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга. Яъни, бу билан ресурсларнинг концентрацияси таъминланиб, уларнинг мақсадли ва самарали ишлаши эҳтимоли ортади.
– Юртимизда давлат ва жамият қурилишида нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ҳамда ўрни кун сайин ошиб бормоқда, – дейди вилоят “Зумрад” аёллар ва ёшлар маркази раҳбари Зумрад Кенжаева. –Фуқаролик жамияти институтлари давлатнинг ижтимоий шериги сифатида аҳолини кенг қатламларининг ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлашга, ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга, демократик ўзгаришлар жараёнига янада кенг жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, аҳолининг кенг қатламларини моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш ҳамда долзарб муаммоларни самарали бартараф этишда ННТ ва фуқаролик жамиятининг муносиб ўрни бор.

Мазкур ҳужжат фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувидаги бевосита иштироки учун янги имкониятлар ва ижтимоий шериклик институтини ривожлантириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиб, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати таъсирчанлигини оширишга хизмат қилади.
Мулоқот тарзида ўтган тадбир якунида фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ва унинг ижросини самарали таъминланишида давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлигини фаол йўлга қўйиш масалалари бўйича таклифлар билдирилди.


Зариф Комилов, ЎзА мухбири