Фармацевтика тармоғида қандай муаммолар бор?
Сўнгги йилларда юртимизда аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббий техника билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, аҳолини ва соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон ва сифатли фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилашга қаратилган 50 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Натижада мамлакатимиз фармацевтика тармоғига сармоялар кўлами ошиб боришига ҳуқуқий замин яратилди. Маҳаллий фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун узоқ муддатли стратегия қабул қилиниб, энг зарур дори препаратлари, инфузион эритмалар, вакциналар, қон препаратлари, бир марта ишлатиладиган тиббий буюмларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлашда маҳаллий фармацевтика корхоналарининг ўрни ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида бу борадаги саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, соҳадаги ислоҳотлар натижасида дори воситалари ишлаб чиқарувчилар беш йил давомида барча солиқларни тўлашдан озод этилди. Ўзбекистоннинг фармацевтика бозорида ўсиш динамикаси йилига 8-10 фоизни ташкил этиб, МДҲ минтақасида энг тез ривожланаётган бозорлар қаторидан ўрин эгалламоқда. Шу билан бирга, мамлакатимизда дори воситаларини ишлаб чиқаришнинг халқаро стандартлари ҳам жорий этилаётгани халқ вакиллари томонидан эътироф этилди.
Давра суҳбатида қайд этилишича, 2017 йил юртимизда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи 149 та корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 220 тани ташкил этмоқда. 2017 йилда 1,4 триллион сўмга яқин фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2020 йилда 2,4 триллион сўмлик миқдорда маҳсулот ишлаб чиқарилган. Бугунги кунга келиб, маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сони 3532 тага етказилди.
Тадбирда депутатлар мамлакатимизда фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун етарли хомашё базаси мавжудлигини, яъни 4500 га яқин ўсимлик турлари бўлиб, 750 турдаги доривор ўсимликлардан фақатгина 70 таси маҳаллий корхоналар томонидан ишлатилаётганини танқид остига олишди.
Бугунги кунда маҳаллий фармацевтика тармоғи аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг дори воситалари ва тиббий буюмларига бўлган эҳтиёжининг қарийб 30 фоизини, товар ҳажми бўйича ифодалаганда 45 фоизни қопламоқда.
Бу эса илғор илмий тажриба ва замонавий технологияларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқариладиган фармацевтика маҳсулотлари турларини, жумладан, онкологик, гормонал, қон препаратлари, вакциналар каби инновацион биотехнологик дори воситаларини ишлаб чиқариш камлигидан далолат.
Шунингдек, илм-фан ва саноат корхоналари кооперациясини ривожлантириш учун замонавий билимларга эга малакали мутахассислар тайёрлаш талаб даражасида эмаслиги ҳам депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди.
Давра суҳбатида қонун ва қонуности ҳужжатларининг ижросини мунтазам равишда ўрганиб бориш, амалиётда юзага келаётган муаммоларни, ўз ечимини кутаётган масалаларни бартараф этиш, соҳани янада ривожлантириш ва такомиллаштириб бориш юзасидан қатор таклифлар берилди.
Тадбир якунида 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг фармацевтика тармоғини ривожлантириш концепцияси ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг ижросини таъминлашга қаратилган қатор тавсиялар билдирилиб, қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА