Тошкентда олтинчи Евроосиё фармацевтика саммити бўлиб ўтмоқда
Шу йилнинг 7-9 октябрь кунлари пойтахтимиздаги “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери технопарк майдонида "Global Pharmaceutical Leaders’ Club" ҳамкорлигида “Фармацевтика: ижтимоий келишув сифатида” мавзусида олтинчи Евроосиё фармацевтика саммити бўлиб ўтмоқда.
Фармацевтика соҳасидаги муҳим йўналишлар, инновацияларни жорий этиш, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш ҳамда аҳолининг дори воситаларига бўлган эҳтиёжини қондириш ва соҳа барқарорлигини таъминлашнинг энг самарали усулларига қаратилган ушбу саммит иштирокчилар учун мулоқот, ҳамкорлик ва илғор ёндашувларни муҳокама қилишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Унда 11 мамлакатдан 300 дан ортиқ мутахассислар, жумладан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Грузиядан соҳа регуляторлари, халқаро ва маҳаллий фармацевтик компаниялар раҳбарлари, дистрибьюторлар, дорихона тармоқлари ва ижтимоий дастурлар бўйича экспертлар иштирок этмоқда.
[gallery-25636]
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров сўнгги йилларда Ўзбекистон фармацевтика саноатида кузатилаётган жадал ривожланиш жараёнлари хусусида сўз юритди. 2035 йилгача мўлжалланган Фармацевтика саноатини ривожлантириш стратегияси маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтиришга, сифатни ошириш ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, соҳа мутасаддилари таъкидлаганидек, сўнгги йилларда соҳага инвестиция киритилиши ҳажми сезиларли даражада ортган. Айни пайтда Ўзбекистонда халқаро сифат талабларига жавоб берадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадида GMP стандартлари жорий этилмоқда. Бу стандартларнинг татбиқ этилиши маҳаллий дори воситаларининг халқаро бозорларда рақобатдошлигини оширишга хизмат қилади.
Ҳозирда юртимизда 61 та GMP сертификатига эга корхона фаолият юритиб, уларнинг аксарияти минглаб турдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш қувватига эга. Шу билан бирга, янги фармацевтик заводлар қурилмоқда, мавжудлари эса замонавийлаштирилмоқда. Бу эса соҳанинг йилдан-йилга барқарор ўсишига замин яратаётир.
Саммитда ана шулар эътироф этилиб, давлат ташаббуслари, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва халқаро шериклик орқали аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, нархлар шаклланиши ва таъминот занжирини рақамлаштириш орқали жамият ишончини мустаҳкамлаш, электрон реестрлар ва маркировка тизимлари орқали дори воситаларининг хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш, соҳа келажагини моделлаштириш, жамият манфаатига мос ечимлар ишлаб юзасидан фикр алмашилди.
Саммит доирасида бир қатор халқаро учрашувлар ва келишувларга эришиш ҳам режалаштирилган бўлиб, бугун Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Тимур Муратов ҳамда бошқа хорижий делегация раҳбарлари билан учрашди. Томонлар ҳамкорликни ривожлантириш, илмий-тадқиқот фаолиятини кучайтириш, юқори технологияли дори воситаларини маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятларини муҳокама қилди.
Шунингдек, меҳмонлар “Tashkent Pharma Park” технопарки фаолияти, унинг имкониятлари, амалга оширилаётган лойиҳалар ва келгусидаги ривожланиш йўналишлари билан танишди.
“Фармацевтика: ижтимоий келишув сифатида” мавзусидаги олтинчи Евроосиё фармацевтика саммити эртага ҳам давом этади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА