Фарғоналик Муҳаммадазиз ментал арифметика билимдони (+видео)
Риштон тумани кулолчилиги билан дунёда довруқ қозонган бўлса, эндиликда истеъдодли ёшлари билим ва заковати билан ҳам барчани лол қолдирмоқда.
Тумандаги 27-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаб –интернатининг 5-синф ўқувчиси Муҳаммадазиз Содиров иқтидор эгаларидан бири. У Аҳмад Фарғоний, Ал Хоразмий каби буюк алломаларнинг муносиб вориси сифатида Ўзбекистон номини жаҳонга танитишни ният қилган.
Муҳаммадазиз ёшлигидан математика фанига қизиқди. Ота-онаси уни Фарғона шаҳридаги ментал арифметика тўгарагига берди. Дастлаб рус тилини яхши билмайдиган бу боланинг келажагига бефарқ бўлишди. Аммо ундаги иштиёқ асло сўнмади. Бувиси Мадина опа рус тили ўқитувчиси бўлганлиги жуда қўл келди. Рус тилини ўзлаштирди, ментал арифметикани ҳам қунт билан ўргана бошлади. Ментал арифметика дастурини ўрганиш осон эмас.
Бу ўзига хос дастур бўлиб, у инсоннинг интеллектуал ҳамда ижодий фаолиятини ривожлантиради. Бу орқали махсус ҳисобларни мияда бажариш осонлашади. Бугунги кунда миянинг ҳар иккала ярим шарини ривожлантирувчи ушбу усул дунёнинг элликдан ортиқ давлатида қўлланилади. У тафаккур билан ишлаш, инсонни ҳисоб-китоб қилишга ундайди. Ментал арифметика билан шуғулланган болалар мисолларни ҳар қандай шароитда тезлик билан еча олади. Уларни ҳақиқий ақл соҳиби дейиш мумкин. Бу бошқа фанларни ўзлаштиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Дастлаб Муҳаммадазиз мамлакатимизда ўтказилган танловларда иштирок этиб, ғолиб бўлди. Россия, Хитойда ўтказилган ментал арифметика бўйича халқаро мусобақаларда мутлоқ ғолиб бўлди. Айни кунларда у Испаниядаги нуфузли мусобақага тайёгарлик кўрмоқда. Муҳаммадазизнинг дадаси Акмалжон ака таксичилик билан шуғулланади. Онаси эса уй бекаси. Бувисининг айтишича, неварасининг чет элларда ўтказилган танловларда иштирок этиши учун қарз олган пайтлар ҳам бўлган. Ҳозирда Тошкентга қатнаб, ментал арифметиканинг мутахассисларидан сир-синоатини мукаммал ўрганмоқда. Шу билан бирга у инглиз тилини ҳам ўзлаштирмоқда. Иқтидорли бу ёш қаҳрамонимизнинг ниятлари янада улкан. У математикани чуқур ўрганиб, олим бўлиш ҳаракатида.
<iframe width="1366" height="657" src="https://www.youtube.com/embed/yjOBezhuq4g" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
М. Сулаймонов, ЎзА