–2024 йилнинг 6 ойи давомида 715 млн доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Унинг 400 млн доллари Хитойга тўғри келади, – дейди Фарғона вилояти инвестициялар ва савдо–саноат бошқармаси шўъба бошлиғи Абдулла Ҳаназаров. –Бундан ташқари Фарғонада 50 млн долларлик электромобил ишлаб чиқариш лойиҳаси, Германиянинг 50 млн долларлик инвестицияси, шунингдек, Япония билан ҳамкорликда меҳмонхона ва япон боғи бунёд этиляпти.
Ҳа, Фарғона вилояти хорижий инвестиция киритишга оҳанрабоси бўлган минтақага айланди. Бу албатта аввало қонунчиликдаги қулайлик ва фарғоналик тадбиркорларнинг ишбилармонлиги туфайлидир.
Масалан, биргина Қувасой шаҳрида 2024 йилда 67,2 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиши режалаштирилган бўлса, январ-май ойларининг ўзида унинг 54,7 млн долларлиги ўзлаштирилди. Бундан ташқари Хитой инвесторлари қиймати 75 млн долларга тенг керамогранит ва фармоцевтика корхоналарини ташкил этишга киришдилар.
Ёшлар саноат зонасидаги “BLUE CARBON” корхонаси эса фарғоналик тадбиркорлар Хитойнинг Шандон провинциясига қилган ташрифи натижасидир. Тадбиркор аукцион орқали сотиб олган майдонга тўрт ойда бино иншоотларни қурди, қуёш панеллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган замонавий технология келтириб ўрнатди. Маълумки, “BLUE CARBON” маҳсулотини юздан зиёд мамлакатларга экспорт қилувчи дунёнинг 3 та йирик компанияларидан биридир. Энди у қувасойлик тадбиркор билан ҳамкорлик ўрнатди.
–Лойиҳанинг биринчи босқичида 10 млн, жами 15 млн доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритилади. 50 дан зиёд ёшлар иш билан банд бўлди. Ахборот технологиялари университетининг 20 та битирувчилари ҳам ишга олинди, – дейди Қувасой шаҳар ҳокимининг ўринбосари Салим Нишоқулов. –Қуёш панеллари, кўча чироқлари, зарядловчи яъни, қувватлантирувчи буюмлар шу жойда ишлаб чиқарилмоқда. Лойиҳанинг қуввати 172 минг дона кўча чироқлари, 450 минг дона қуёш панеллари ва 450 минг дона батареялар йиғишдир.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида у янада кенгайтирилади ва ишчи ўрни 200 тага етказилди. Келгусида ҳаракат воситалари учун қувватлантирувчи батареялар ишлаб чиқариш устида ҳам музокаралар олиб борилмоқда. Ҳозирча эса, Қувасойдаги бу корхона дастлаб кўча чироқларидан ўз брендини яратмоқчи.
Йўл патрул хавфсизлиги хизмати мутахассисларининг таъкидлашича рўй бераётган йўл-транспорт ходисаларининг ярми тунда, яъни манзиллараро кўчаларнинг ёритилмаслиги сабабли рўй бермоқда экан. Қувасойдаги мазкур корхонанинг фойдаланишга топширилиши эса ана шу кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олишга хизмат қилади. Чунки бу ерда 40 турга яқин кўча чироқлари ишлаб чиқариляпти ва уларнинг ҳаммаси қуёш панеллари асосида ишлайди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ZA6wKSAh90M" title="Fargʻonaga investitsiya oqimi kuchaymoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Реклама тўғрисидаги қонунчилигимиз туфайли Қувасойнинг янги бренди ҳақида батафсил маълумот бера олмаймиз. Аммо мамлакатимизнинг ўн минглаб километр кўчаларига айнан яшил энергияга асосланган ёритгичлар керак. Биз фақат манзилни айта оламиз холос: уларни Қувасойдан топасиз.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА