Фарғонага авиақатновлар сони ошади
“Uzbekistan airways” акциядорлик жамияти замонавий ва сифатли хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, тизимдаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳудудларда учрашувлар, очиқ мулоқотлар ташкил этмоқда. Хусусан, Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган сайёр қабулда авиачипталар сотуви бўйича агентлар, туристик компаниялар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари мутасаддиларга ўз таклифларини билдирди.
Самимий мулоқот чоғида қулай, хавфсиз ва ишончли парвозни таъминлаш борасидаги ишлар, тизимдаги янгиликлар, қулайликлар, рақамлаштириш жараёни ҳақида маълумот берилди.
–Ўзбекистоннинг замонавий, қулай авиалайнерлари юртдошларимиз ва хорижлик меҳмонларга юқори сифатли хизмат кўрсатиб келаяпти, – дейди “Uzbekistan airways” акциядорлик жамияти матбуот котиби Камола Икрамова.
[gallery-5094]
– Ички туризмни ривожлантириш мақсадида шаҳарлараро мунтазам авиақатновлар амалга оширилмоқда. Солиштирадиган бўлсак, авваллари Фарғона шаҳридан Россиянинг бир ёки икки шаҳрига авиапарвозлар амалга оширилган бўлса, бугунги кунда кўплаб шаҳарлар қамраб олинди. Бундан ташқари, Туркиянинг Истанбул шаҳрига мунтазам қатновлар йўлга қўйилди.
Сайёр қабул давомида ички қатновларнинг сонини ошириш, туризм компаниялари вакиллари томонидан халқаро ва ички туризм минтақаларига парвозлар масалалари юзасидан бизнес таклифлар тақдим этилди. Компания вакиллари яқин орада Фарғонага шаҳрига мунтазам авиапарвозлар сонини ошириш режалаштирилаётганини маълум қилди. Шунингдек, тадбирда водий ҳаво дарвозаларидан халқаро йўналишлар учун доимий қатновларни ташкил этиш масаласи ўртага ташланди. Мурожаатларнинг аксарияти жойида ечим топди, айримлари масъуллар томонидан ижрога олинди.
Компаниянинг малакали мутахассислари томонидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА