Фарғонадаги оромгоҳлар ўқувчиларга мунтазир
Фарғона вилоятида ёзги соғломлаштириш мавсумига тайёргарлик ишлари якунланмоқда. Оромгоҳларда болажонларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши, жисмоний чиниқиши, билимларини янада бойитиши учун барча қулайлик ва шароитлар яратилмоқда.
– Бу йил вилоятдаги 19 та стационар оромгоҳда 12 минг 700 нафар, мактаблар қошида ташкил этиладиган 127 та кундузги оромгоҳларда 21 минг 100 нафар бола дам олдирилиши режалаштирилган, – дейди вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев. – Мавсумни юқори савияда ўтказиш бўйича вилоят мувофиқлаштирувчи гуруҳи тузилган ва барча масъулларнинг вазифалари белгилаб берилган. Жойлардаги болалар оромгоҳларини мавсумга тайёрлаш ишлари ўрганилиб, камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

“Марғилон ихтисослаштирилган таъмир-қурилиш” хусусий корхонаси тасарруфидаги “Ҳумо” болалар оромгоҳи Фарғона шаҳар “Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган. 4,2 гектар майдонни эгаллаган оромгоҳда таъмирлаш-қурилиш ва монтаж ишлари авжида. Бу йилги мавсумда тўрт сменада жами 1100 нафар болажонларнинг севимли масканига айланиши режалаштирилаётган ҳудуд учун ҳозиргача 3,5 миллиард сўм инвестиция маблағи жалб этилган. Натижа эса кўриниб турибди: стол-стуллардан тортиб юмшоқ мебелларгача янги олиб келинган, 240 ўринли ошхона ва дам олиш хоналари, канализация ва сув тармоқлари тўлиқ таъмирдан чиқарилган, бўяш ишлари охирига етказилиш арафасида.

– Оромгоҳдаги 11 нафар тарбиячи, 9 нафар етакчи, 11 нафар тўгарак раҳбарларининг барчаси касалликларга қарши эмланди, уларнинг ҳар бири билан режалари ҳақида суҳбатлашдим, – дейди оромгоҳ раҳбари Санобар Михель. – Фарғона давлат университетидан талабаларни жалб этиш ҳам кўзда тутилмоқда. Соғлиқни сақлаш ва халқ таълими бошқармалари камчиликларни бартараф этишда кўмаклашмоқда.

Қувасой шаҳридаги 6,1 гектар майдонга эга “Ниҳол” болалар оромгоҳида ҳам талай муаммолар йиғилиб қолган. – Ободонлаштириш ишларини имкон қадар амалга оширяпмиз. Ишчи гуруҳлари келиб ўрганиб кетишади-ю, арзирли натижа кўринмайди. Ҳозир бизга қўшимча ёрдам зарур, ахир таътил бошланишига саноқли кунлар қолмоқда, – дейди оромгоҳ раҳбари Катя Умирова. – Асосий муаммо – сув таъминоти. Сув минораси насосини, ошхона печларини янгисига алмаштириш, электр жиҳозларини таъмирлаш, тунги чироқларни ўрнатиш керак.

Гарчи ҳар сменада 200 нафар бола қабули режалаштирилган бўлсада, бу ердаги мавжуд ошхонада фақат 100 кишига овқат тайёрлаш имкони бор, холос. Қобилбек қишлоғидаги “Кимёгар” оромгоҳи “Фарғонаазот” АЖ тасарруфида. 9 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган ҳудудда ободонлаштириш, жорий таъмирлаш ишлари намунали ташкил этилган. Мавсум давомида мингдан зиёд болажонларнинг ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароит яратилган.

– Мутасаддиларнинг эътибори ва ғамхўрлиги натижасида муаммолар ўз ечимини топмоқда, – дейди оромгоҳ раҳбари Мақсуджон Холиқназаров. – Иккита чўмилиш ҳавзаси фойдаланишга тайёр. Карантин талаблари асосида иш олиб боряпмиз. Дам олиш хоналаридаги кроватларни 2 метр оралиқда жойлаштирдик. Бешта муҳим ташаббус бўйича маънавий-маърифий тадбирлар режаси тузилган.
Фарғона вилоятида болажонлар ёз мавсумини мароқли ўтказиши учун барча шароит яратилмоқда. Мириқиб дам олиш учун салқин ва баҳаво ҳудудларда ташкил этиладиган турли ўйин ва кўнгилочар тадбирлар ўқувчилар хотирасида муҳрланиб қолишига шубҳа йўқ.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА