Фарғонада замонавий корхона иш бошлади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жорий йилнинг 20 июль куни Фарғона вилоятида Германиянинг “Knauf” компанияси томонидан барпо этилган замонавий ишлаб чиқариш корхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
[gallery-7984]
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер, “Knauf” компанияси раҳбари жаноб Николаус Кнауф ва бошқалар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи дўстлик ва шериклик муносабатларини янги босқичга олиб чиққани ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга кучли туртки бўлганини таъкидлади.
Германиянинг етакчи компанияларининг мамлакатимизга инвестиция киритаётгани ва йирик ишлаб чиқариш мажмуаларини барпо этаётгани эришилган келишувларнинг амалдаги ифодаси экани қайд этилди.
Маълум қилинишича, бугун фаолиятини бошлаган йиллик 20 миллион квадрат метр гипсакартон ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу завод 19 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига барпо этилди.
Эътиборлиси шундаки, ушбу заводда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун 75 фоиз маҳаллий гипс хомашёсидан фойдаланилади.
Барпо этилган янги завод учун танланган ер майдони хомашё базасига яқин ҳудудда жойлашган бўлиб, логистика харажатларини камайтиришга ва келгусида бозорга тайёр рақобатбардош маҳсулот етказиб беришга хизмат қилади.
Энг асосийси, 80 нафар маҳаллий ёшларимиз доимий иш билан таъминланади.
Носиржон ҲАЙДАРОВ, ЎзА