Фарғонада “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилади
Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги «Ахшак» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги янги «Пахтакор» массивида кўп қаватли уй-жойлар бунёд этилмоқда. Бу ерда жами 13 та 5 қаватли уйлар қурилиши лойиҳалаштирилган.
Бугунги кунда бинолар қад ростлаб, ички ва ташқи пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров қурилиш ишлари билан танишиб, уй-жойларнинг сифатли барпо этилишига муҳим эътибор қаратилиши таъкидланди. Туман мутасаддиларига янги уйларга кўчиб келадиган аҳоли сонини ҳисобга олган ҳолда маҳаллада қўшимча мактаб, болалар боғчаси, спорт майдончалари ва болалар ўйингоҳлари, поликлиника барпо этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
[gallery-4621]
Вилоят ҳокимига келгуси йили Ахшак массивининг бўш ер майдонида Бағдод тумани тажрибаси асосида барпо этилиши режалаштирилаётган 25 та 1 подъездлик, 20 хонадонли – жами 500 та хонадондан иборат «Янги Ўзбекистон» массиви лойиҳаси ҳам тақдим этилди. Маълумот ўрнида, бугунги кунда Тошлоқ туманида тадбиркорлар томонидан жами 564 та хонадондан иборат 21 та кўп қаватли уйлар қурилмоқда.
М. Сулаймонов,
М. Қодиров (сурат), ЎзА