Фарғонада “Янги Ўзбекистон” боғи бунёд этилади
Фарғона шаҳрини ҳар томонлама ривожлантиришда истиқболли лойиҳаларнинг ўрни катта. Бугунги кунда вилоят марказида бу борада муайян ишлар олиб борилаётир.
Иқтисодиётнинг диверсификацияси натижасида сўнгги йилларда фармацевтика соҳаси ҳам вилоят иқтисодиётида салмоқли улушга эга бўлмоқда. Шаҳардаги “Афросиёб” маҳалла фуқаролар йиғинида “Afrosiyob shifo” масъулияти чекланган жамияти томонидан фармацевтика йўналишида қиймати 7,8 миллион АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров мазкур корхонадаги қурилиш жараёни билан танишди.
Натрий хлор, метрид, метронидазол, орса, глюкоза ва бошқа жами 48 турдаги дори-дармонлар ва эритмалар ишлаб чиқариш йўлга қўйиладиган ушбу корхонада ҳозирда қурилиш ишлари якуний босқичга кириб, ускуна ва жиҳозлар келтирилмоқда. Корхона келгуси йилнинг январь-февраль ойларида иш бошлаши кўзда тутилган. 3,8 миллион доллар тадбиркорнинг ўз маблағлари ҳамда 4 миллион доллар Микрокредитбанк кредити ҳисобига барпо этилаётган корхонада 180 дан зиёд янги иш ўрни яратилади.
Айни кунларда Фарғонада барпо этиладиган экошаҳар ўртасидан оқиб ўтиши режалаштирилган канал қурилиши жадал давом этмоқда. Ушбу канал экошаҳар ҳудудида 10 гектар майдонда ташкил этиладиган "Янги Ўзбекистон" боғини сув билан таъминлаши кўзда тутилган. Канал қурилиш жараёнларини кўздан кечирган вилоят ҳокими ишларни жадаллаштириш ҳамда ҳалқаро қурилиш стандартларига мос сифатда амалга ошириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.
Вилоятда ҳудудларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар доирасида Фарғона шаҳридаги ғалладан қисқарган майдонларда рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш имкониятлари ўрганиб чиқилмоқда. Шаҳарнинг Бешбола мавзесидаги 407 гектар ғалладан қисқарадиган майдонда бир қатор лойиҳалар амалга ошиирилиши режалаштирилган. Тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда энг самарали экин турини танлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи субъектларнинг манфаатдорлигини таъминлаш бу жараёнда асосий омил бўлади.
Вилоят раҳбари бу лойиҳаларни таҳлил қилиб, зарур кўрсатмалар берди. Илмий асосланган интенсив агросаноат тизимини йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасидаги салоҳиятини янада ошириш ҳамда экспорт имкониятларини кенгайтириш учун кооперация усулида иш ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Ўзбекистон давлат филармонияси Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмасида бўлиб, бу ердаги шарт-шароитлар ҳамда ижодий гуруҳ фаолияти билан танишди. Жорий йилдан эътиборан вилоят филармонияси Қиргулидаги “Кимёгар” маданият саройи бино ва иншоотларида фаолият юритмоқда.
Филармония раҳбари Отабек Муҳаммадзоҳид филармония фаолияти ҳамда тақдим этилаётган ижодий дастурлар ҳақида маълумот берди. Ижодий изланишда эканликларини, янги санъаткорларни кашф этиш ҳамда филармонияга жалб этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётганини қайд этди. Ижодий гуруҳ билан мулоқот давомида санъаткорлар ўз репертуарларидан ўрин олган турли йўналишдаги қўшиқлардан парчалар ижро этдилар.
Филармония фаолияти бундан буён ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини, моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, фаолияти ривожлантирилишини таъкидлаган вилоят ҳокими қисқа муддатларда ижрочилар ва раққосалар учун замонавий саҳна либослари сотиб олиш, филармония машғулот хоналарини таъмирлаш ҳамда иситиш тизимини кучайтириш, вилоят театр ва санъат саройида, шунингдек шаҳар ва туманлар марказларида филармония концертларини ташкил этиш бўйича вилоят масъулларига тегишли топшириқлар берди. Шунингдек, филармонияга олиб келувчи ички йўллар асфальтланадиган бўлди.
[gallery-4303]
М. Сулаймонов,
М. Қодиров (сурат), ЎзА