Фарғонада янги фармацевтик корхона иш бошлади
Иқтисодиётнинг реал секторига давлат томонидан берилган кўмак ва имтиёзлар самараси ўлароқ Фарғона вилоятида жорий йилнинг январь – июль ойларида умумий қиймати 2,7 трлн.сўмга тенг бўлган 586 та лойиҳа амалга оширилди.
Биргина фармацевтика соҳасида тиббиёт қўлқоплари, суртма ва таблеткалар, жумладан, антисептик воситалар ишлаб чиқарувчи корхоналар сони ортмоқда. Фарғона шаҳридаги “Afrosiyobfarm” масъулияти чекланган жамияти улардан бири.
Бу ерда фармацевтика ва антисептик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 7,8 млн. АҚШ долларига тенг икки босқичли лойиҳа амалга оширилмоқда. Бунда хорижий кредит маблағлари ҳамда ички инвестициялар жалб этилди.Корхона раҳбари Беҳзод Раимовнинг айтишича, кредит ҳисобига сотиб олинган ускуналарўрнатилган ва антисептик воситалар ишлаб чиқариш бошланган.
Корхонада 22 та иш ўрни яратилган ва лойиҳанинг кейинги босқичида тиббиёт спирти, йод, бриллиант кўки (зелёнка), перекис, меновазин, глицирин каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
[gallery-3416]
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат), ЎзА