Фарғонада хотин-қизлар муаммолари қандай ҳал этилмоқда?
Фарғона вилояти умумий аҳолисининг 49,6 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
Бугунги кунда раҳбарлик лавозимларида 3 минг 871 нафар аёллар фаолият олиб бормоқда.
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, шу жумладан, хотин-қизлар турмуш шароитини яхшилаш, ҳаёти фаровонлигини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири айланди. Натижада бугунги кунда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, тақдир тақозоси билан қийин аҳволга тушиб қолган аёллар муаммоларини ҳал этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлар борасида кенг-кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари раислигида кеча бўлиб ўтган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида бу борадаги муаммолар чуқур таҳлил этилди ва вазифалар белгилаб берилди.
Хўш, бугунги кунда вилоятда аёлларни иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий ва психологик ёрдам қамровини кенгайтириш ва бошқа йўналишларда қандай ишлар бажарилмоқда?
Шаҳар ва туманларда хотин-қизларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш борасида тадбирлар белгиланган бўлиб, ижроси тўлиқ таъминланяпти. Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ва касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси билан биргаликда 769 минг 112 нафар 30 ёшдан юқори бўлган хотин-қизлар ўртасида анкета-сўровномалар ўтказилди. Анкета-сўровномалари натижасида аёлларнинг муаммолари аниқланиб, вақтинчалик тартибга асосан 9 та тоифага ажратилди. 47 минг 554 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилди.

-Мазкур дафтардан ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз 14 минг 183 нафар хотин-қизлар ажратиб олинди, -дейди вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилноза Эргашева. -Биринчи навбатда уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ишлар бошланди. Жорий йилнинг ўтган даврида 3 минг 100 нафарини бандлиги таъминлашга эришилди.
Бешариқ туманида “Аёллар дафтари”га киритилган 101 нафар аёллар Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган кооперация асосидаги корхонага жалб қилинди. Ҳар бир аёлга 20 сотихдан жами 28 гектар ер ажратилди, ушбу ер майдонларига кооперация буюртмасига асосан 25 мингдан ортиқ бодом кўчатлари экилди, оралиқ экин сифатида аёллар ўзлари ташаббус қилишиб, қизил ловия экишни режалаштиришди. Шунингдек, тумандаги ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Шервуд Дизайн” трикотаж корхонаси ташкил этилиб, 200 нафар ишга жойлаштирилди. Боқувчисини йўқотган, қарамоғида ногирон фарзандлари бўлган ёлғиз аёлларнинг 54 нафарини Хоразм вилоятининг Хива шаҳрига 3 кунлик саёҳатлари уюштирилди.
Вилоятда боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронлиги бўлган хотин-қизлардан 1 минг 890 нафарига “Аёллар жамғармаси” ҳисобидан 1 миллиард сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди. Уй-жойини таъмирлашга муҳтож хотин-қизлардан 151 нафарининг уй-жойлари таъмирланди ва Сўх туманидаги уй-жойга муҳтож 65 нафар хотин-қизларга бошланғич тўлови тўлаб берилди. Шунингдек, уй-жойга муҳтож, нотурар жойларда истиқомат қилаётган хотин-қизлар учун ҳудудларда қурилаётган кўп қаватли уйлардан 42 та хонадон ажратилиши режалаштирилди.

Қарамоғида бир ва ундан ортиқ ногиронлиги бўлган фарзандлари бор ёлғиз аёлллардан 235 нафарига шаҳар, туманлар сектор раҳбарлари томонидан ёрдам кўрсатилди.Тиббий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг 2 минг 161 нафари тиббий кўрикдан ўтказилиб, 1 минг 868 нафарига амбулатор, 183 нафарига стационар, 32 нафарига санаторийларда даволаниш тавсия этилди.
“Аёллар маслаҳат кенгашлари”да адлия, суд, прокуратура органлари билан биргаликда 10,4 мингдан ортиқ аёлларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Буни натижасида ажрим ёқасига келиб қолган оилалардан 2 минг 204 таси яраштирилди, 2 минг 321 та нотинч оилалар муросага келтирилди, 350 га яқин алимент ундира олмаётган аёлларнинг муаммолари ижобий ҳал этилди.
Вилоятда “Аёллар дафтари”га киритилган 47 минг 554 нафар хотин-қизларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш ва уларни дафтардан чиқариш бўйича ойма-ой жадвал ишлаб чиқилган. Белгиланган чора-тадбирлар асосида уларнинг бандлиги таъминланади ва манзилли кўмак кўрсатилади.
М. Сулаймонов, ЎзА